Жамият | 10:53 / 24.03.2024
25292
4 дақиқада ўқилади

“Тупроқни қопларга солиб таширдик” – Катта Фарғона канали қазилишида иштирок этган 111 ёшли Салимахон момо ҳикояси

Олтиариқ туманининг Жўрак маҳалласида 111 ёшли Салимахон ая Юсупова истиқомат қилади. Ая 45 кун ичида қуриб битказилган Катта Фарғона канали бунёд этилишида иштирок этган. “Челак, қанор қопга тупроқ-лой солиб, тепаликка таширдик. Уйга келсак келардик, бўлмаса, каналнинг ичида тунаб қолардик”, дейди момо ўша кунларни эслаб. 

Катта Фарғона канали қазилишида одамларнинг жасорати ва ўтмишни Салимахон ая шундай хотирлайди:

 “17-18 ёшимдан колхозда ишладим. Уч ўғил, бир қизим бор эди. Ўғилларимдан бири 40 йил ўқитувчилик қилиб, умри қисқа экан, вафот этди. Бошимиздан кўп қийинчиликлар ўтди. Халтада ун, буханка нон ташиб, фарзанд боқдим. Ҳозир энди ҳаммаси уйли-жойли, бола-чақаси билан чиройли рўзғор қилиб ўтиришибди. Невара-чевараларим юзтага боради.

Салимахон ая Юсупова

 

Катта Фарғона канали қазилишида ишладим. Челак, қанор қопга тупроқ-лой солиб тепаликка таширдик. Уйга келсак келардик, бўлмаса, каналнинг ичида тунаб қолардик. Қурилишида эркаклар билан тенгма-тенг ишлаганмиз. Кетмон ва белкурак бизнинг асосий иш қуролимиз эди. Канал ичида қозон осиб овқат қилардик.

Тупроқ ортилган этакларни эркаг-у хотин тепаликка олиб чиқар эдик. Тупроқни қопга солиб тепаликка ташиётган одамларнинг кийимлари қоп ишқаланаверганидан йиртилиб кетарди. Деярли барча хонадондан ҳашарчилар чиққан. Биз — хотин-қизлар узун кўйлакларни кийиб чиқар эдик. Кўйлакларимизнинг этаги оғир меҳнат ортидан титилиб кетарди. Эркаклар асосан қопда, аёллар эса челакда тупроқ таширдик. Каналда мен билан бирга ишлаган танишларимнинг кўпи оламдан ўтиб кетди.

Ўша кунлари Охунжон қизиқ, Юсуфжон қизиқ, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Мукаррама Турғунбоева каби санъаткорлар келиб, ҳашарчиларнинг кайфиятини кўтариб туришган. Канал битгач, колхозда 4-5 раиснинг қўлида ишладим”, — дея ҳикоя қилди у.

1912 йилда туғилган ая 4 нафар фарзанд кўрган — 3 ўғил, бир қиз. Бир ўғли оламдан ўтган.

“Бир ўғлим колхозчи, яна бири эса шифокор бўлиб ишлаб, ногирон бўлиб қолди. “Бир этак” невара, чевара, эвараларим бор. Улар уйимга келса, сиғишмайди кўплигидан”, – дейди суҳбат чоғида Салимахон Юсупова.

Салимахон аянинг 73 ёшли ўғли Раҳмонали Абдуллаев онасининг шу ёшида ҳам анча тетиклигини таъкидлайди: 

Раҳмонали Абдуллаев

“Яратганга шукр, онажонимиз 111 ёшга кирди. Бизнинг бахтимиз, давлатимиз шу онамиз. У киши бор экан, биздан бой одам йўқ.

Яхши эслайман, марказда нон сотадиган дўкон бўларди. Бир кишига битта нон бериларди, онам билан нон олай деб борардим, иккимиз иккита нон кўтариб қайтардик.

Онамнинг кўзлари ҳалигача жуда яхши кўради, бировнинг қораси кўринса, танийди. Йирикроқ ёзувли газеталарни ҳам ўқий оладиган. Хотиралари ҳам яхши, менинг эсимда йўқ нарсаларни ҳам ёдда сақлаб юради.

Бош бўлиб юрибдилар бизга. Ҳозир ҳам билмаган нарсаларни ўргатади келинларга. Томорқа, экинларни парвариш қилиш бўйича ҳам бир нималарни тайинлаб туради”.

Салимахон ая Юсупова 2020 йилда президент фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид