08:53 / 06.05.2019
140302

Президент мактабларига имтиҳонларни ўтказиш ва қабул қилиш тартиби маълум бўлди

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Президент мактаби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Президент мактаби тўғрисидаги низомга кўра, Президент мактаблари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та бирлик миқдорида ташкил этилади, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги Президент мактабининг таъсисчиси ҳисобланади.

Президент мактаблари бевосита Вазирликка бўйсунади. Вазирлик Президент мактаблари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва назоратни амалга оширади.

Президент мактабларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.

Президент мактабини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитиш тизимини шакллантириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш кафолатларини таъминлашдан иборатдир.

Президент мактаби фаолиятининг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари:

иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;

табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларни ўқитиш ва улар билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш бўйича малакасини ошириш;

ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатни, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш;

ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида худди шу йўналишдаги миллий ва хорижий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг илғор хорижий олий ўқув юртларида ва уларнинг республикамиздаги филиалларида ўқишини давом эттириш.

Президент мактаби қуйидаги ҳуқуқларга эга:

иккита синфга бир хил — 12 нафардан ўқувчи тақсимланган, 24 нафар ўқувчидан иборат бўлган йиллик қабул квотаси доирасида ўқувчиларни қабул қилишни амалга ошириш;
            
ўқув машғулотлари жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
            
ўз устав фаолиятини амалга ошириш учун қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган молиявий маблағларнинг қўшимча манбаларини жалб этиш;
            
Ишчи орган билан биргаликда юқори малакали хорижий мутахассислар ва бошқа ходимларни жалб этиш;
            
Вазирлик ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат сиёсати, ижтимоий-маданий ва халқ таълими соҳасидаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва долзарб муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилишларда, мажлисларда ва бошқа тадбирларда белгиланган тартибда иштирок этиш;
            
Вазирликнинг тегишли таркибий тузилмалари билан белгиланган тартибда унга юкланган вазифаларни ўз вақтида, самарали ва сифатли бажариш учун ўзаро ҳамкорлик қилиш;
            
Президент мактаби битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (гувоҳнома, шаҳодатнома) билан бир қаторда етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятини берувчи тегишли халқаро даражадаги дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)ни бериш;
            
соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун танлов жараёнини амалга ошириш орқали энг яхши таклифлар асосида тадбиркорлик субъектлари билан давлат-хусусий шериклик шартлари бўйича шартномалар тузиш.

Президент мактабида таълим жараёни Вазирлик томонидан тасдиқланган амалдаги Давлат таълим стандартларини ҳисобга олган ҳолда умумий ўрта таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўқув жараёни жадвали, ўқув машғулотларининг турлари ва давомийлиги, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси, ташкил этиш шакллари ва ўқув-тарбия жараёнининг бошқа масалалари вазирлик томонидан тасдиқланган таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари ва Вазирликнинг бошқа норматив ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Таълим сифатини назорат қилиш халқаро таълим стандартларини инобатга олган ҳолда давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ амалга оширилади. Таълим сифатини назорат қилишни таъминлаш учун махсус хорижий ташкилотлар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Президент мактаби битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (гувоҳнома, шаҳодатнома) берилади.

Президент мактабига республика умумтаълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли болалар танлов асосида қабул қилинади.

Президент мактаби фаолиятининг биринчи йилида шу жумладан, ўқувчилар 6-10-синфларга қабул қилинади.

Ўқувчиларни қабул қилиш Ишчи орган томонидан таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилот билан биргаликда ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижалари асосида амалга оширилади.

Президент мактабларига қабулни тўғри ташкил этиш масъулияти Ишчи органга юкланади. Президент мактабларига қабул қилиш тенг ҳуқуқлик, адолат ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл олган ўқувчилар ўқишга қабул қилинадилар.

Президент мактабларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини тақдим этиш фақат ариза берувчининг ҳудудий мансублиги бўйича амалга оширилади. Номзод мактабининг ҳудудий мансублиги Президент мактабининг ҳудудий мансублигига мос келиши керак.

Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 10 календарь кун олдин Ишчи орган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиладиган оммавий ахборот воситаларида Президент мактабларига қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва квоталари тўғрисида жамоатчиликка маълумот беради.

Президент мактабларига ҳужжатларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази, Республика таълим маркази, шунингдек, Ишчи орган вакилларидан иборат Қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қабул комиссияси таркиби Халқ таълими вазирлиги буйруғи билан тасдиқланади.

Қабул комиссияси таркиби комиссия раиси, комиссия раиси ўринбосари ҳамда унинг аъзоларидан иборат бўлади.

Қабул комиссияси котиби унинг аъзолари орасидан раис томонидан тайинланади.

Қабул комиссияси унга юкланган вазифаларни самарали ижро этилиши учун масъулдир.

Кириш имтиҳонларига тааллуқли барча материаллар (сўровномалар, тестлар, жавоблар ва бошқалар) махфий характерга эга бўлган маълумотлар деб ҳисобланади. Ишчи орган саволлар ва жавобларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун жавобгардир. Маълумотлар базалари, ахборот ресурслари ва ахборот тизимлари, саволлар ва жавобларни ўз ичига олган электрон ахборот воситалари хавфсизлигини таъминлаш таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилот томонидан амалга оширилади.

Саралаш танловида иштирок этиш учун талабгорнинг ота-онаси ва қонуний вакиллари белгиланган муддатларда  Қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

- ариза;
- талабгорнинг анкетаси;
- талабгорнинг ҳужжатлари тақдим этилган вақтда таълим олаётган мактабидан маълумотнома.
- талабгорнинг соғлиғи тўғрисидаги маълумотнома;
- 2 та расм (3х4);
- туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусҳаси.

Талабгорнинг ота-онаси (қонуний вакиллари) кўрсатилган ҳужжатларни ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда электрон шаклда ҳам топшириш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўрта таълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган талабгорлар Президент мактабининг шу каби синфида такроран ўқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Ҳужжатларни қабул қилишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш учун ариза тақдим этиш;

Президент мактабига саралаш танловидан ўтиш учун ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхатини тақдим этиш.

Кириш имтиҳонлари видеокузатув ва бошқа электрон-техник воситаларни қўллаган ҳолда махсус ажратилган жойларда ўтказилади.

Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди. 

Кириш имтиҳонларини ўтказиш пайтида талабгорлар ҳамда Ишчи органнинг мансабдор шахсларига алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш тақиқланди. Талабгорларга маълумотнома материаллари ва электрон-ҳисоблаш техникасини олиб кириш ва фойдаланиш тақиқланди.

Ушбу Низомнинг талаблари бузилганда Ишчи органнинг мансабдор шахслари талабгорни мажбурий тартибда четлатиш актини тузган ҳолда кириш имтиҳонларидан четлашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Кириш имтиҳонлари натижалари умумий қоидалар асосида қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.

Ҳужжатларни тақдим этиш пайтида кўрсатиб ўтилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича масъулият талабгорнинг ота-онасига (қонуний вакилларига) юклатилади.

Чет эл давлатларининг фуқаролари кириш имтиҳонларида иштирок этишларига рухсат этилмайди.

Кириш имтиҳонлари давлат ва қорақалпоқ (Қорақалпоғистон Республикасида) тилларида, ҳамда талабгорнинг танловига мувофиқ инглиз тилида ўтказилади.

Талабгорнинг ота-онаси (қонуний вакиллари) ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагунга қадар тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Қабул комиссияси талабгорларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш мақсадида талабгорлар ҳақидаги кунлик маълумотларни электрон шаклда Ишчи органга тақдим этиб боради.

Кириш имтиҳонлари ҳар йили Ишчи орган томонидан белгиланган муддатларда ўтказилади.

Кириш синовларини ўтказиш жадваллари қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва Президент мактабининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Президент мактабига кириш имтиҳонлари аризалар сонидан келиб чиқиб, бир неча босқичлардан иборат бўлиши мумкин.

Кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бир кун давомида математика фанидан 20 та топшириқдан иборат тест шаклида ўтказилади. Белгиланган вазифани бажариш учун 40 дақиқа вақт ажратилади.

Кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичига ҳар бир ўринга 20 киши ҳисобидан максимал номзодлар сонига рухсат этилади.

Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи қуйидагилардан иборат:

- ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича
16 та масала;
- мантиқ элементлари бўлган математика фанидан 20 та масала;
- инглиз тилидан 40 та тест саволлари.

Бунда, 5-синфга қабул учун инглиз тилидан тест фақатгина талабгорнинг умумий салоҳиятини синаш учун хизмат қилади. Президент мактаби фаолиятининг биринчи йилида 6-10 синфларга киришга талабгорлар учун инглиз тили тести қабул мезонларидан бири деб ҳисобланади ва баллар берилади.

Кириш имтиҳонлари натижаларига кўра ҳар бир синфга энг юқори балл тўплаган номзодлар Президент мактаби раҳбарияти Ишчи орган билан биргаликда суҳбатдан ўтказилади.

Суҳбат чоғида ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакиллари), зарур ҳолларда, психолог, шунингдек, тиббий ходим бўлиши шарт.

Суҳбат давомида баённома юритилади ҳамда видео ва аудио ёзувларга рухсат берилади.

Кириш имтиҳонлари натижаларини текшириш ва баҳолаш талабгорларнинг жавоблари натижаларини автоматлаштирилган статистик қайта ишлаш усули билан амалга оширилади ва таълим соҳасида фаолият юритувчи ва Ишчи органнинг стратегик ҳамкори бўлган хорижий ташкилот томонидан амалга оширилади.

Имтиҳон натижаларини баҳолаш мезонлари Ишчи орган томонидан таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи тегишли ихтисослаштирилган хорижий ташкилот билан биргаликда белгиланади.

Кириш имтиҳони натижалари Вазирлик ва Президент мактабининг расмий веб-сайтида имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун мобайнида жойлаштирилади.

Ҳар бир ўқув йили якуни бўйича зарурат бўлганда Ишчи орган таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилот билан биргаликда бўш ўқувчи ўрнига ўқувчилар қабулини амалга оширади.

Top