13:04 / 13.05.2019
45769

Болани қандай қилиб гапиришга ўргатиш мумкин: 10 та қизиқ усул

Фото: Shutterstock

1. Такрорлаш орқали кўп нарсани ўрганса бўлади. Уйдаги буюм, кўчадаги ҳодисалар, бажараётган ишларингизнинг номини айтинг, ҳозир дада, буви ёки меҳмонлар келиши ҳақида огоҳлантиринг. Ишонинг, натижа тезда намоён бўлади.

2. Боланинг ортидан такрорлаш. Чексиз равишда «ду-ду-ду-ду» деб айтиш зерикарли бўлиб туюляптими? Хор бўлиб айтиб кўринг. Янги «до-до-до» қўшиғини айтишга ҳаракат қилиб кўринг. Такрорлаяптими? Шу тарзда давом эттиринг. Бу нафақат нутқ аппарати учун машқ, балки ривожлантирувчи ўйин ҳамдир.

3. Нутқнинг ривожланиши майда моторика билан узвий боғлиқ. Бармоқ учи ва ўз ҳаракатларини бошқариш кўникмаси миянинг нутқ учун жавоб берувчи қисмлари билан бевосита боғлиқ. Албатта, оёқ кийим боғичини боғлашга ҳали эрта. Ўйин учун турли – думалоқ, қовурғали, юмшоқ, ёпишқоқ, майин ва бошқа буюмларни беринг. Қанчалик хилма-хил бўлса, шунча яхши.

Ҳеч кимга сир эмаски, кўпчилик болалар қимматбаҳо ривожлантирувчи гилам ва ўйинларни эмас, қопқоқли, қошиқли оддий банкаларни ўйнашни ёқтиришади. Ипга ўтказилган турли рангдаги тугмалар машҳур. Танлаш ҳуқуқини боланинг ўзига беринг.

4. Бир йилдан кейин имо-ишоралардан воз кечишга ҳаракат қилинг. Ўзингизни узатилган қўл, бармоқни сезмаётгандек тутинг, болага бирор нарсани бера туриб «бер» деб айтинг. Вариантни борган сари мураккаблаштиринг – «Ойи, нокни бер деб айт».

5. Ҳайвонлар товушлари ва уларга «му-му», «вов-вов», «вақ-вақ» ва в ҳ.к. тарзидаги тақлид фаол қизиқиш уйғотади.  

6. «Тилга кирган» ёки ёши каттароқ болалар билан мулоқот қилинг. Тақлид қилиш истаги барча муваффақиятсизликларни йўққа чиқаради.

7. Қўшиқлар куйланг! Ҳатто эшитиш қобилияти ва овозингиз бўлмаса ҳам. Айёрона усулни қўлланг – кутилмаганда айрим сўзларни «адаштириб» айтинг ва бироз танаффусдан кейин болакай ўзи сизни тўғрилайди.

8. Осон ёдда қоладиган шеърлар кўнгилочар машққина эмас, таълим олиш ҳамдир. Шеърни 10 марталаб айтиш мумкин ва бола ҳар сафар уни биринчи марта эшитаётгандек тинглайди. Энг қизиқ жойида ўзингизни айрим сўзларни унутиб қўйгандек тутинг. Давомини ёки тугалланишини боладан эшитишга муваффақ бўласиз.

9. Боланинг сизга бирор нарса ҳикоя қилиш истагига бефарқ бўлманг. Кўзига боқиб, диққат билан тинглашга ҳаракат қилинг. Ҳайрон қолиш, қайта сўраш, «Қандай қилиб?» тарзида лол бўлиш мумкин. Ўта қизиқувчан кўринишни намоён этинг. Ана ўшанда боланинг ўзи кўрган ва эшитган ҳамма нарсани сизга айтиш истагига гувоҳ бўласиз, сезасиз.

Сайрдан кейин юз берган воқеаларни оила аъзоларига ҳикоя қилиб бериш айниқса фойдали. Масалан, дадасига. Қор ёғгани, совуқ, оппоқ экани, қўлга олиш мумкинлиги, Азиз уни ушлаб кўргани ва ҳ.к. Дада тасдиқ маъносида бошини қимирлатиб туриши керак.

10. Бир ёшли боланинг ўйин муҳитини электрон ўйинчоқлар билан қуршаб олмасликка ҳаракат қилинг. Чунки бола фаол иштирокчи эмас, пассив кузатувчига айланиб қолади. Тасаввури ишламайди, барча ҳаракатлар чекланади (тугмани босишдан ташқари) ва бола ўйин жараёни ҳам, натижа ҳам унга боғлиқ эмаслигига кўникади. Копток, машина, кублар, пирамидалар, матрёшкалар ўйнанг, ялтироқ кашфиётларни эса кейинга қолдиринг.

Top