Жамият | 14:13 / 25.03.2025
3819
2 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар тузоғига энг кўп тушадиган одамлар тоифаси маълум қилинди

Мутахассис фирибгарлардан ҳимояланиш учун бегоналардан масофа сақлаш кераклигини таъкидлади.

Фото: Ave Calvar/CC0

Одатда, беш тоифадаги инсонлар фирибгарлар тузоғига тушишга энг кўп мойил бўлади, дейди россиялик мутахассис, психология фанлари доктори, профессор Вера Никишина.

Улар қаторига кексалар, танқидий фикрлаши паст, ишонувчан, қаттиқ чарчаган ва шахсий манфаатларини юқори қўювчи одамлар киради.

Бугунги кунда фирибгарлар ўз мақсадларига эришиш учун одамлар эътиборини жалб қилиш технологияларидан кўпроқ фойдаланмоқда. Бунинг учун одамларда турли ҳиссиётлар — қўрқув, ҳайрат, тушунмовчилик, агрессия ёки ғазаб туйғуларини қўзғаш кифоя. Эмоциялар қанчалик кучли бўлса, фирибгарларга алданиш эҳтимоли шунчалик ошади, дейди мутахассис.

 “Ҳар қандай одам потенциал технологик таъсирга дучор бўлиши мумкин. Бизда бундай таъсирланишни баҳолайдиган муайян мезонлар мавжуд. Улар орасида танқидий фикрлашнинг пастлиги ва ишонувчанлик бор. Шунингдек, катта авлодни бунга киритиш мумкин, чунки уларнинг руҳий олами технологик таъсирдан ташқарида шаклланиб келган. Яъни уларнинг мияси фирибгарлар фойдаланадиган техникаларга мослашмаган. Шу сабабли кекса ёшдаги аҳоли учун бу хавф анча юқори. Чарчоқ ҳам фирибгарларга алданиш эҳтимолини оширади. Яна бир омил — сценарийнинг асоси муҳим шахсга йўналтирилган бўлиши. Масалан, она учун боланинг хавфсизлиги, бола учун эса бирор ножўя ишда айбланишдан қочиш муҳим”, — деб тушунтирди психолог.

Мутахассис фирибгарлардан ҳимояланиш учун бегоналардан масофа сақлаш кераклигини таъкидлади.

“Танимаган одамларингиз билан суҳбатлашманг. Муҳим маълумотни олишга қизиқишдан кўра, шубҳаланиш ва фирибгарлик схемасига тушмаслик афзал. Масофа сақлаш фирибгарлардан энг яхши ҳимояланиш воситасидир. Телефонда кимдир ўзини расмий шахс деб таништирса, узр сўраб, бироз пауза қилишингиз, расмий сайтлардан керакли контактни топиб, ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин”, — деб хулоса қилди мутахассис.

Мавзуга оид