Жамият | 09:39 / 13.05.2019
16378
2 дақиқада ўқилади

«Давр банк» Учтепа филиали бўйича можаро юзасидан баёнот берди

“Давр банк” ХАТБ Учтепа филиали томонидан филиалнинг собиқ ходими Ж.Ю.га нисбатан фуқаролар томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

Ўтказилган текширув натижаларига кўра, Ж.Ю. ва Б.М.лар айрим фуқароларга Ўзбекистон Республикасида амалда бўлиши мумкин бўлмаган (жуда арзон автокредит (йиллик 11 %) ипотека кредити (йиллик 7%) ҳамда жуда катта фоизли омонат тури (ойига 10%, 18 %) хизмат турларини таклиф қилиб, фуқароларда шубҳа уйғотмаслик мақсадида ўзининг хатти-ҳаракатларига қонуний тус бериб, кирим ордерини қалбакилаштириб, фуқароларга ўзи томонидан қалбакилаштирилган кирим ордерларини тақдим қилиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўз эҳтиёжлари йўлида ўзлаштириб юборганлиги аниқланган.
         
Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўришлик учун банк томонидан Тошкент шаҳар ИИББга 26.04.2019 йилда тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган ва мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ФМБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
         
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
         
Ж.Ю.нинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган фуқаролар томонидан билдирилган илтимосномалар ҳамда Марказий банкнинг кўрсатмасига асосан Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасида банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши лозимлиги белгиланган бўлса-да, қўлида шартномаси мавжуд бўлмаган фуқароларга “Давр банк” ХАТБ томонидан зарарлар қоплаб берилганлиги маълум қилинди.

 

Мавзуга оид