Ўзбекистон | 11:52 / 13.05.2019
26260
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қуйидаги асосий принципларга асосланади:

энг муҳим табиий ресурс, фуқаролар ҳаётий фаолиятининг асоси тариқасида ер фондини асраш, тупроқ сифатини яхшилаш ҳамда унинг унумдорлигини ошириш;

ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг, энг аввало суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини, кенгайтириб борилишини ҳамда улардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишни давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш;

ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш, экологик хавфсизликни таъминлаш;

ердан фойдаланиш шаклларининг хилма-хиллиги, ер муносабатлари иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш;
 
ер участкаларга бўлган ҳуқуқларни ва ер участкалари юзасидан битимларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг мажбурийлиги;

ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш;

ер участкаларини ажратиб беришда шаффофликни таъминлаш, уларни қайтариб олиб қўйиш, ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартириш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш тўғрисидаги қарорларнинг ошкоралигини ва жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш;

ерларнинг ҳолати ҳақидаги ахборотнинг тўлиқ бўлишини ҳамда ундан эркин фойдаланишга йўл қўйилишини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикасида ер фонди ерлардан фойдаланишнинг белгиланган асосий мақсадига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

1) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар - қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадга мўлжалланган ерлар. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерлардан иборат бўлиб, булар ҳайдаладиган экин ерлар, кўп йиллик мевали дарахтзорлар, бўз ерлар, яйлов ерлар ва мелиоратив қурилиш ҳолатидаги ерларга бўлинади;

2) аҳоли пунктларининг ерлари – шаҳарлар,шаҳарчалар, қишлоқ аҳоли пунктларининг, шунингдек боғдорчилик-узумчилик ширкатлари чегараси доирасидаги ерлар;

3) саноат, транспорт, телекоммуникация, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар - кўрсатилган мақсадларда фойдаланиш учун юридик шахсларга берилган ерлар;

4) табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва оммавий дам олиш мақсадларига мўлжалланган ҳамда тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар - муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган, устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, оммавий дам олиш ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик ҳамда моддий-маданий мерос объектлари жойлашган ерлар;

5) ўрмон фонди ерлари - ўрмон билан қопланган ва ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ўрмон билан қопланмаган ерлар;

6) сув фонди ерлари - сув объектлари, сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар ва сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги ерлар;

7) давлат захира фонди  ерлари–мазкур-модданинг- 1-6 бандларида кўрсатилган ер фонди тоифаларига киритилмаган, истиқболда фойдаланиш имконияти бор бўлган ер турларидан иборат ерлар.

Ер фонди тоифалари кичик тоифаларга бўлиниши мумкин.

Ерлар асосий фойдаланиш мақсадига қараб ер фонди тоифаларига бўлинади.

Ерлардан асосий фойдаланиш мақсади - ерлардан ер-кадастр ҳужжатларида акс эттириладиган аниқ мақсадларни кўзлаб фойдаланишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва шартларидир.

Ерларни ер фондининг бир тоифасидан бошқасига ўтказиш ерлардан асосий фойдаланиш мақсади ўзгарган ҳолларда ер участкаларини ажратиб бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигига мўлжалланган ерларни  давлат захира фондига ўтказиш алоҳида ҳолларда рухсат берилади.

Ер фондининг тоифаси ва ер турлари ер участкаларини юридик ва жисмоний шахсларга бериш тўғрисидаги қарорларда, давлат ер кадастри ҳужжатларида, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи гувоҳномаларда, шартномаларда ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилади. Мазкур қарорларда ва ҳужжатларда кўрсатилмаган тақдирда улар ҳақиқий эмас деб топилади.

Ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш ғайриқонуний деб ҳисобланиб, унинг асосида вужудга келган ер участкасига бўлган ҳуқуқни ҳақиқий эмас деб топишга ва уни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга асос бўлади.

Ер фонди тоифаларга бўлинишидан қатъий назар ерлар қуйидаги турларга бўлинади:

ҳайдаладиган экин ерлар – мунтазам равишда ишлов берилиб, қишлоқ хўжалик экинларини экиш учун фойдаланадиган ерлар, шунингдек ёпиқ ҳолатдаги иссиқхоналар ва оранжереялар майдонларидаги  ерлар;  ҳайдаладиган экин ерлар суғориладиган ва лалми экин ерларга бўлинади.

кўп йиллик мевали дарахтзорлар билан банд бўлган ерлар – ҳосил (маҳсулот) олиш учун барпо этилган боғлар, токзорлар, тутзорлар, мевали дарахтлар кўчатзорлари билан банд бўлган ерлар;

бўз ерлар – мунтазам экин экилиб келинган, икки йил ва ундан ортиқ даврда ҳайдалмаган ва фойдаланилмай қолиб кетган, аммо фойдаланишга яроқли ерлар;

яйловлар – чорва молларини ўтлатиш (боқиш), пичан ўриш учун яроқли бўлган табиий ва сунъий ҳолатда ўсувчи кўп йиллик ўтлар ва буталар билан қопланган ерлар;

мелиоратив қурилиш ҳолатидаги ерлар – мелиоратив қурилиш ишлари амалга оширилаётган ёки оширилиши мўлжалланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар;

томорқа ерлар – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун етиштириш мақсадида оила аъзоларидан бирига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ўлчамларда ажратилган якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва уй-жойни ободонлаштириш ҳамда шахсий ёрдамчи хўжалигини кенгайтириш учун даладан берилган томорқа ерлар; 

ўрмонзорлар - экологик, эстетик ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун барпо этилган дарахтзорлар, шунингдек буталар билан банд бўлган ерлар;

сув ости ерлари – кўллар, сув омборлари, сув ҳавзалари, дарёлар, сойлар, каналлар, коллектор ва зовурлар остидаги ерлар;

йўл ости ерлари – автомобил ва темир йўллар, дала йўллари, сўқмоқлар, шунингдек чорва молларини ҳайдаб ўтиш йўллари;

ижтимоий ҳовли, кўча ва майдонлар ости ерлари – кўчалар, шохкўчалар, майдонлар, тор кўчалар, сув бўйидаги кўчалар остидаги ерлар;

қурилиш ости ерлари – бино ва иншоотлар билан банд бўлган ерлар;

қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар – хўжалик ва бошқа мақсадларда фойдаланилмаётган ерлар;

Ерларни бир турдан бошқасига ўтказиш ер участкасини бериш ваколатига эга бўлган давлат ҳокимияти органларининг қарорига биноан қуйидаги ҳолларда:

ерларни қайтариб олиб, бошқа мақсадларга ажратиб беришда;

ердан фойдаланиш мақсадлари ўзгарганда,

шу жумладан:

фойдаланилаётган ер участкасида қурилишга рухсат этилганида;

ерларни ўзлаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилганда;

антропоген, техноген ва табиий ҳолатлар натижасида ерларнинг сифати ва бошқа хусусиятлари ўзгарганида амалга оширилади.

Ерларни бир турдан бошқасига ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш ғайриқонуний ҳисобланиб, унинг асосида вужудга келган ер участкасига бўлган ҳуқуқни ҳақиқий эмас деб топишга ва уни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга асос бўлади.

Мавзуга оид