Жамият | 23:32 / 16.05.2019
47594
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги оилавий ажримларга нима сабаб бўлаётгани маълум қилинди

Оила илмий-амалий тадқиқот маркази статистикасига кўра, оилавий ажримларнинг асосий сабабини эр ва хотиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги ташкил этмоқда. Бу ҳақида 15 май ─ Халқаро оила кунига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий конференцияда маълум қилинди.

Марказ томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, оилавий ажримларга қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

43,3 фоиз ─ эр-хотиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги;

24,5 фоиз ─ моддий етишмовчилик;

12,6 фоиз ─ характерларнинг мос келмаслиги;

10,3 фоиз ─ бир-бирига бефарқлик;

5,5 фоиз ─ жавоб беришга қийналаман;

3,8 фоиз ─ гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик.

Айнан ёш оилаларнинг бузилишига эса 41 фоиз ҳолатларда характерларнинг тўғри келмаслиги, 13 фоиз ҳолатда бефарзандлик, 15 фоизида моддий қийинчиликлар, 34 фоизида учинчи шахс аралашуви, 25 фоизида зарарли одатлар сабаб бўлган.

Оила маркази директор ўринбосари Дилдора Каримованинг баён қилишича, мамлакатдаги реал вазиятда оиладаги фаровон ҳаёт маънавий-ахлоқий қадриятлар ва болаларни тарбиялаш, оиладаги қулай психологик муҳит, таълим, моддий таъминланганлик, саломатлик ҳолати каби мезонларга кўра белгиланади.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг якунига қадар 17та илмий-амалий тадқиқот ўтказиш кўзда тутилган. Хусусан, халқаро тажрибани ўрганиш асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда оилаларни ночор аҳволдан олиб чиқиш бўйича «АКТ орқали оилаларни мустаҳкамлаш» янги инновацион дастури ишлаб чиқилган. У АКТ асосларини психологик ўзига ўзи ёрдам кўрсатиш тамойиллари билан уйғунликда ўргатишга асосланган.

Шунингдек, Самарқанд, Хоразм, Фарғона ва Қорақалпоғистонда ТАТУ университетининг филиаллари базасида 150 нафар эркак ва аёллар ўқитилди. Курслар натижасига кўра, икки ҳафта давомида эгалланган кўникмалар 15 нафар тингловчига ишга жойлашишда ёрдам берди. Пилот лойиҳа тўла муваффақиятли амалга оширилгач, бу каби ўқув дастурларини барча вилоят марказларида ташкил этиш режалаштирилган.

Республика бўйича 74та туман/шаҳарларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашни мақсад қилувчи «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаблари» фаолияти йўлга қўйилган, кейинчалик уларни ҳукуматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжати орқали алоҳида институт сифатида юритиш кўзда тутилган.

«Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари» мавсузидаги мазкур конференцияда оилавий муносабатларни этика қоидалари ва қадриятларга асосланган ҳолда ёритиш масаласи кўтарилди. Оила маркази раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова журналистлар мавзуни ёритишда асосан негатив позицияда туриб қолаётгани, фаровон турмуш, намунали оилани кўрсатиш масаласи назардан четда қолаётганини танқид қилар экан, медиа вакилларига мурожаат қилди.

«Оммавий ахборот востиларида суицид ҳолатларининг ёритилишини бас қилиш керак. Бу «Вертер синдроми» (бировнинг ўз жонига қасд қилишига бошқаларнинг тақлид қилиши)ни келтириб чиқариши мумкин. Суицид журналистларнинг эмас, мутахассисларнинг иши. У илмий давраларда илм кишилари томонидан муҳокама қилиниши ва профессионал ёндашув асосида ечим изланиши керак. Ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабарларни тарқатавериб одамларда тушкунлик ва бепарволик кайфиятини келтириб чиқармаслик лозим. ОАВ вакилларидан бу нозик мавзуга қўл урмасликни сўраб қоламан», ─ дея таъкидлади Тошмуҳаммедова.

Мавзуга оид