“Ўзбекистон–2030” стратегиясида мамлакатни 2030 йилгача даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига олиб кириш мақсади қўйилган. Бу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар Миллий университетда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий илмий-амалий конференцияда муҳокама қилинди.

24 апрел куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида “Барқарор иқтисодий ривожланиш ва стратегиянинг устувор йўналишлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман доирасида миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, яшил инвестициялар, қайта тикланувчи энергия манбалари, аҳоли турмуш даражасини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди. Тадбирда Германия, Жанубий Корея, Россия, Словакия, Малайзия ва бошқа давлатлардан нуфузли олимлар ва тадқиқотчилар қатнашди.

Бугун 10 дан зиёд мамлакатлардан вакиллар ва мутахассислар қатнашишди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида муҳим бир элемент бор. Республика иқтисодиёти дунёнинг 50 та иқтисодиёти ривожланган давлатлари тизимига кириши мақсад қилиб қўйилган. Бу мақсадга эришишда назарий билимларни таҳлил қилиш, амалий натижаларни таҳлиллаш орқали янги чора-тадбирларни шакллантириш керак. Бу анжуман биз учун шу таҳлилларни, таклифларни мулоҳаза қилиб, фикр алмашишда, таҳлилий фикрларни шакллантиришда ёрдам беради”, – дейди ЎзМУ Иқтисодиёт факултети илмий ва ташқи алоқалар бўйича декан ўринбосари Диёр Каримов.

Конференциянинг асосий мавзуларидан бири – “яшил иқтисодиёт” бўлди. Мутахассислар иқтисодий ўсишни экологик барқарорлик ва яшил инвестициялар орқали таъминлаш бўйича фикр алмашди.

Шунингдек, анжуманда:

  • миллий иқтисодиётни моделлаштириш ва прогнозлаштириш усуллари;
  • яшил иқтисодий ўсишни таъминловчи омиллар;
  • аҳоли турмуш сифати бўйича индикаторлар;
  • глобал иқтисодий таҳдидлар ва уларга қарши инновацион ёндашувлар;
  • рақамлаштириш ва инновацион ривожланиш моделлари каби масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев циркуляр иқтисодиёт ҳақида гапираркан, шундай дейди:

Барқарор иқтисодий ўсишга эришиш аҳолининг турмуш даражаси билан боғлиқ масала ҳисобланади. Ҳозирги чизиқли иқтисодиёт барча юкларни кўтара олмайди. Шунинг учун уни ривожлантирадиган ёндош, муқобил моделлар бу иқтисодиётга янги импулс беради. Ана шулардан бири бу – яшил иқтисодиёт.