Жамият | 18:03 / 16.05.2019
12275
2 дақиқада ўқилади

Шубҳалантирган нарсаларни тарк этиш инсонни гуноҳдан сақлайди

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Шубҳали нарсаларни тарк қилиш”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков шарҳлаб берди.

Видео: Youtube

Видео: mover (Tas-IX)

Ушбу ҳадис Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг набиралари Ҳасан ибн Алидан ривоят қилинган. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сени шубҳалантирган нарсани тарк этгин. Шубҳалантирмаган нарсага ўтгин”.

Мана бу ҳадис жуда қисқа баён этилган, лекин маъно жиҳатидан жуда ҳам кенг. Буни ҳаттоки уламолар динимизни асл мазмун-моҳиятини ифодалайдиган ҳадислар жумласига қўшишган. Инсон аниқ нарсаларга амал қилиши, аниқ нарсалар ҳақида гапириши, ҳалол бўлган нарсаларни қилиб, ҳаром бўлган нарсалардан тийилиши керак.

Лекин шундай нарсалар борки, инсон уни ҳалол ёки ҳаром эканлигини била олмайди. Аниқ ҳужжат ва далили бўлмайди. Бу, айниқса, авом одамларда кўпроқ содир бўлади. Чунки олимлар, уламолар ўзлари далил, исбот, ҳужжат асосида ҳар бир нарсанинг ҳукмини биладилар. Ҳалол ва ҳаромнинг ўртасидаги нарса шубҳа дейилади, шубҳали, гумонли нарсалар дейилади.

Юқоридаги ҳадисда таълим бериляптики, шубҳали нарсага рўбарў келиб қолганингда, уни тарк этгин. Яъни, унинг ҳукмини билмадингми, буни ҳалол деб ҳисоблай олмаяпсан, ҳаром эканлигини ҳам билмаяпсан, яхшиси, буни тарк этиш лозим. Агар бу бир амал бўлса, у амални қилмагин, агар у истеъмол қиладиган нарса бўлса, уни ҳам истеъмол қилмагин, агар у гапирадиган гап бўлса, уни ҳам гапирмагин, деган маънода баён этилмоқда. Бу ишлар билан инсон ўзини гуноҳдан сақлайди.

Мавзуга оид