Жамият | 02:03 / 30.05.2019
25430
3 дақиқада ўқилади

Аллоҳнинг зикрида нималар яширинган?

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Зикрнинг фазилати”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли шарҳлаб берди.

YouTube

Tas-IX

Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалар билан ўтирган эдилар. Уларга энг яхши, энг савоби кўп амални ўргатмоқчи бўлдилар ва айтдилар: “Сизларга подшоҳингиз бўлган Аллоҳнинг ҳузуридаги энг яхши, энг пок, дарожотларингизни юқори қиладиган, сиз учун тилла-кумуш садақа қилишдан ҳам яхшироқ бўлган, душманингизга йўлиқиб бўйнини уришдан ва улар ҳам сизнинг бўйнингизни уришдан яхшироқ амалнинг хабарини берайми?”.

Саҳобалар: “Ҳа Аллоҳнинг Расули, хабар беринг”, - дейишди.

Шунда ҳабибимиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикри”, - дедилар.

Имом Термизий ривояти.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг зикрида яширинган фазилатларни санадилар. “Энг яхши, энг пок, даражотни кўтарадиган, тилла-кумушни садақа қилишдан яхшироқ бўлган, жиҳоддан ҳам, шаҳид бўлишдан ҳам аъло бўлган...”. Уламолар бу ҳадисни шундай шарҳлаган эканларки, биргина ҳадисда шунча фазилатлар мавжудлигига асосий сабаб шуки, одатда зикрда риё қилиш эҳтимоли кам бўлар экан. Гарчи кичкина кўринсада, риёсиз амалнинг савоби катта бўлар экан. 

Намоз ва бошқа ибодатларнинг фазилати бўлганидек, зикрнинг ҳам фазилатлари бор? Довуд алайҳиссалом Аллоҳга муножаат қилиб айтяптилар: “Илоҳим! Мени зикр этувчилар мажлисини ташлаб, ғофиллар мажлисига кетган ҳолда кўрсанг, оёқларимни синдир. Мана шундай қилишинг, менга берган неъматинг бўлади”. 

Зикрнинг энг улуғ фазилатларидан бири – Аллоҳ таолодек буюк зот ожиз ва гуноҳкор бандасини зикр қилиши экан. Зеро Аллоҳ қайси бандасини тилга олса, ёд этса у икки дунё саодатига эришар экан. Шунинг учун бўлса керак Аллоҳ бандаларини кўп зикр қилишга буюриб, “Эй, иймон келтирганлар. Аллоҳни кўп зикр қилингиз”, (Аҳзоб сураси) деб марҳамат қиляпти.

Мавзуга оид