Жаҳон | 07:30 / 30.05.2019
8006
1 дақиқада ўқилади

Ассанж соғлиғи ёмонлашгани сабабли турма шифохонасига ўтказилди

Фото: Henry Nicholls / Reuters

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Британиядаги Белмарш турмасининг тиббий бўлимига жойлаштирилди. WikiLeaks унинг соғлиғи юзасидан жиддий хавотир билдирган.

Таъкидланишича, Ассанжнинг саломатлиги у Эквадор элчихонасида “инсоннинг асосий ҳуқуқларига тўғри келмайдиган” шароитларда 7 йил ўтказганидан кейин анча ёмонлашган. Ассанжнинг адвокати Пер Самуэльсоннинг айтишича, WikiLeaks асосчисининг соғлиғи ўтган жума куни шундай аҳволда бўлганки, у билан нормал суҳбат олиб боришнинг иложи бўлмаган.

“Белмаршдаги 7 ҳафтадан кейин унинг соғлиғи ёмонлашишда давом этган, у жуда ориқлаб кетган. Турма раҳбариятининг уни тиббий бўлимга жойлаштириш қарори бундан даракдир”, деб қўшимча қилинган WikiLeaks’да.

Ассанжнинг экстрадицияси бўйича навбатдаги суд йиғилиши 30 май куни Лондоннинг Вестминстер округи судида бўлиб ўтади. Журналистнинг экстрадицияси бўйича жараён 2 май куни бошланган. Ҳозир британ суди АҚШдан унинг экстрадиция қилинишига рухсат берувчи ҳужжатлар тақдим қилинишини кутмоқда.

Мавзуга оид