19:29 / 30.05.2019
6759

Бокс бўйича Ўзбекистон ва Куба терма жамоалари қўшма йиғин ўтказиши мумкин

Фото: Kun.uz

Бокс бўйича Ўзбекистон ва Куба терма жамоалари қўшма ўқув-машғулот йиғинини ташкил этиши мумкин. Ўзбекистон бокс федерацияси Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмоновга шундай таклиф билан чиққан.

«Менга бокс федерациясидан Куба терма жамоаси билан қўшма ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш бўйича таклиф билдиришди. Буни тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашиб ҳал қиламиз, керакли шароитларни, албатта, яратиб берамиз.

Қачонгача спортчиларимиз бир-бирларига қарши спарринг рақиб бўлишади? Марҳамат, ҳар бир федерация мана шундай қизиқарли ва яхши таклифлар билан чиқишсин. Миллий олимпия қўмитаси сизлар учун фаолият олиб боради ахир», – деган Шоабдураҳмоновнинг сўзларини келтирди қўмита матбуот хизмати.

МОҚ раҳбари бу ҳақда бугун, 30 май куни Ўзбекистон таэквондо ассоциациясида бўлиб ўтган йиғилишда гапириб ўтган.

Токио Олимпиадасига тайёргарлик юзасидан ўтказилган мажлисда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари, МОҚ мутасаддилари, барча федерация ва ассоциациялар масъул раҳбарлари қатнашган.

Маълум қилинишича, Рустам Шоабдураҳмонов бунга қадар 10 кун давомида барча спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар фаолияти билан яқиндан танишиб чиққан. Спорт базалари ва у ердаги шароитларни бевосита бориб кўрган. Бугунги йиғилишда айнан мазкур текширув ҳулосаларига бағишланган.

«Мана, барча федерацияларнинг ўқув-машғулот базаларига ташриф буюриб, спортчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдик. Аҳвол ижобий эмас. Тўғри, бир қатор федерацияларимиз борки, уларда терма жамоамиз аъзолари учун жуда ҳам яхши шароитлар яратиб берилган. Лекин кўп жойларда ҳатто спортчиларнинг яшаши учун элементар шароит йўқ.

Ҳукуматимизга раҳмат, биздан керакли моддий ёрдамини аямаяпти. Биз эса ўз навбатида фурсатни бой бермай, зудлик билан барча шароитларни яхшилаб олишимиз зарур» – деган МОҚ президенти.

Йиғилиш давомида узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини кўпроқ ташкил қилиш, уларнинг сифатига эътибор қаратиш, моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш борасидаги масалалар бўйича мутассадиларга тегишли кўрсатмалар берилган. Ўз навбатида федерация масъуллари ҳам жаҳон стандартларидан келиб чиққан ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишган.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Шоабдураҳмонов 15 май куни Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигига сайланган эди.

Top