Жамият | 11:01 / 31.05.2019
5878
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда Қадр кечаси муносабати билан 700 дан кўпроқ маҳбус афв этилди 

Фото: ТАСС, Максим Шеметов

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Қадр кечаси муносабати билан 764 маҳбуснинг афв этилиши ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда туркман ОАВ хабар берди.

Бердимуҳамедов бош прокурор Ботир Атдаев ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига барча афв этилганлар қисқа муддатларда озодликка чиқиб, ўз оилаларига қайта олишлари учун чоралар қабул қилиш вазифасини топширган. 

Туркманистон раҳбари, шунингдек, вилоятлар, туман ва шаҳарлар раҳбарларига афв этилганларни иш билан таъминлашни буюрган. 

“Афв этиш тадбирларини ўтказиб, қилган ишларидан тавба қилган одамларга янги ҳаёт бошлаш, ҳалол меҳнати билан ўз айбини ювиш ва мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўшиш имконини берамиз”, деб айтган Бердимуҳамедов.

Маълум қилинишича, 2018 йилда Туркманистон президенти 3,1 мингдан, 2017 йилда эса 3,3 мингдан кўпроқ маҳбусни афв этган.

Таъкидланишича, Туркманистонда маҳбуслар одатда 4 та байрам – Мустақиллик куни, Дахлсизлик куни, Наврўз ва Қадр кечаси муносабати билан афв этиладилар.

Мавзуга оид