Жаҳон | 17:54 / 06.06.2025
27345
3 дақиқада ўқилади

Туркманистонда «Дўзах дарвозаси» оловини ўчириш жараёни бошланди

Дарвоза қишлоғи яқинидаги табиий газ кратери 1971 йилдан буён ёняпти. Туркманистон президенти уни ўчиришни бир неча бор талаб қилган эди.

Фото: AP

Туркманистоннинг Қорақум чўлидаги Дарвоза газ кратери ёнғини интенсивлиги туркман мутахассислари томонидан 3 баравар камайтирилди. Бу ҳақда «Turkmengaz» концерни Табиий газ илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Ирина Лурьева маълумот берди.

«Кратердаги ёниш интенсивлиги 2023 йил августига нисбатан уч баравардан кўпроқ камайди, бу кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигини тасдиқлайди», деди у.

Бунга газ қазиб чиқаришни жадаллаштириш туфайли эришилган. Лурева сўзларига кўра, фильтрация оқимини бошқариш «назорат остига олинган» ва ҳозир «ёнаётган кратерга газ оқими камайиб бормоқда».

Ёнаётган кратер Ашхободдан 260 км шимолдаги Дарвоза қишлоғи яқинида жойлашган. У ярим асрдан кўпроқ вақт олдин, 1971 йилда геологик ишлар натижасида пайдо бўлган. Газ конини ўрганиш пайтида геологлар қудуқни бурғулашди ва бўшлиққа дуч келишди, унда тупроқнинг юқори қатламлари ва бурғулаш қурилмаси қулаб тушди. Тешик ҳосил бўлиб, ундан табиий газ сизиб чиқа бошлади.

Маҳаллий аҳоли ва ҳайвонлар газдан заҳарланмаслиги учун кратер атайлаб ёқиб юборилди. Газ бир неча кундан кейин ёниб кетиши режалаштирилган эди, аммо у кўп қатламли кон бўлгани сабабли бугунги кунгача ёнишда давом этмоқда. Кратернинг кенглиги тахминан 60 м, чуқурлиги эса тахминан 20 м. Кратер расмий равишда «Қорақум шуъласи» ва норасмий равишда «Дўзах дарвозаси» деб номланган маҳаллий диққатга сазовор жойга айланди.

2010 йилда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кратернинг ёниши яқин атрофдаги газ конларини ўзлаштиришга халақит бермаслиги учун уни ўчиришни буюрган эди. 2022 йилда у ўз талабини такрорлади. Президент ер остидан сизиб чиқаётган газ маҳаллий аҳоли саломатлиги ва ҳудуддаги экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, табиий газни экспорт қилиш ва фойда олиш мумкин бўлган ҳолда исроф қилинаётганини айтди.

Мавзуга оид