Light | 22:04 / 04.06.2019
7990
4 дақиқада ўқилади

Фитнесни ёқтирмайсизми? У ҳолда боғдорчилик билан шуғулланинг!

Соғлом турмуш тарзи соҳаси мутахассислари вақтларнинг кўп қисмини одамларни спорт залига боришга ишонтиришга сарфлашади. Бироқ кўпчилик фитнес залларини ёқтирмайди. Спортни хушламайдиган, бироқ фаол бўлишни истайдиганлар қандай йўл тутишлари керак?

Фото: 500px

Аниқланишича, боғдорчилик, рақс ва тоза ҳавода сайр қилиш ана шу масалада ёрдам бериши мумкин. Ана шу фаолиятлар, British Journal of Sports Medicine журналида эълон қилинган янги тадқиқот натижаларига кўра, ўлим хавфини камайтириши мумкин, дея хабар бермоқда facte.ru.

Тадқиқотда 88 140 нафар 40-85 ёшдаги америкаликлар иштирок этишган. Ҳар бир қатнашчига қандай жисмоний фаоллик билан шуғулланиши ва бунинг учун бир кун ёки ҳафтада қанча вақт сарфлашини айтиб бериш сўралган. Югуриш, велосипедда учиш ёки бирор спорт мусобақаларида иштирок этиш фаол машғулот вақти сифатида таснифланган бўлса, тез юришдан тортиб рақс ва боғдорчилик кабилар енгил ҳамда мўътадил жисмоний фаоллик сифатида аниқланган.

Тадқиқотчилар ушбу кишиларни 12 йил мобайнида 2009 йилгача кузатишди ва натижада улар билан нима юз берганини аниқлашди. Улардан қанчаси саратондан вафот этди? Нечта юрак касалликлари кузатилди? Нечта одам тирик қолди?

Натижада улар жисмоний фаоллик турлари ва унинг вақти ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди. Тажриба давомида ҳафтасига кўпроқ дақиқа давомида шуғулланадиган кишиларни ҳисобга олишди. Одатда улар ёшроқ эркаклар бўлиб чиқди. Улар орасида оила қурганлар кўп, чекувчи ва алкоголь ишқибозлари камроқ.

Тадқиқот иштирокчиларининг кўпчилиги спорт билан умуман шуғулланмаган. Улар назорат гуруҳи сифатида олинди (сурункали касалликларга эга кишилар чиқариб юборилган). Ана шу одамлар билан таққосланганида ҳафтасига 10 дақиқадан 59 дақиқагача енгил жисмоний машғулот билан шуғулланганларда жами ўлим хавфи 19 фоизга камроқ. 60 дақиқадан 149 дақиқагача шуғулланган гуруҳ эса хавфни 22 фоизга камайтирган, 26 фоизлик кўрсаткич эса ҳафтасига 300-559 дақиқа шуғулланганларда аниқланган. Бироқ мавжуд фаолият дақиқасини ошириш ҳам фойда берган: ҳафтасига 10-59 дақиқа давом этган жадал машқлар хавфни 26 фоизга, ҳар ҳафта тахминан 150 дақиқа шуғулланганлар эса максимум 34 фоизга камайтирган.

Маълумки, юракнинг соғлиғи ва жисмоний машқлар бир-бири билан узвий боғлиқ. Бир ҳафтада 150 дақиқа давомида енгил ва мўътадил жисмоний машқлар юрак қон-томир касалликлари хавфини 31 фоизга, 10 дан 59 дақиқагача давом этганлари эса – 16 фоизга, 15 дақиқалик фаол машқлар мазкур касалликлар кўрсаткичини 26 фоизга камайтирган бўлса, 150 дақиқалик жадал машқлар – 33 фоизлик кўрсаткични намойиш этган.

Мутахассисларнинг қайд этишича, кунига бир неча дақиқа давомида исталган фаолият билан мунтазам шуғулланиш яхши самара беради. Чунки ҳамма ҳам юқори жадалликдаги машғулотлар режимига амал қилолмайди. Саломатликни сақлаш учун уйда рақс тушиш, боғдорчилик билан шуғулланиш ёки жамоат транспортидан воз кечиб, ишга пиёда бориш ва қайтиш кифоя. Муҳими сизга ҳузур олиб келадиган машғулот билан шуғулланиш.

Мавзуга оид