02:10 / 04.06.2019
11363

Мўмин киши тили билан ҳам, жисми билан ҳам ўзгаларга зарар етказмас

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом-хатиби Саҳобиддин Сотимов шарҳлаб берди.

YouTube

Tas-IX

Саъд ибн Сино Худрийдан (р.а) ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам айтдилар: “Зарар бериш ҳам йўқдир, зарар берганга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқдир”.

Бу муборак ҳадисни шарҳлаш учун Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир ҳадисларига мурожаат этамиз. У Зот: “Ким мусулмонга зарар етказса, унга Аллоҳ зарар етказади”, деб марҳамат қилганлар.

Юқоридаги ҳадисдаги “зарар бериш йўқдир”, деган гапнинг маъноси инсон ўзга инсонга зарар бермаслиги ҳақида айтилган. Зарар турли хил бўлади. Масалан, бир инсон ўзига манфаатли бўлган нарсада қўшнисига зиён беришлиги мумкин. Мисол қилиб оладиган бўлсак, қўшни томонга баланд иморат қуриш, баланд дарахтларни экиш ва шу каби. Мана шу тариқа зарарли ҳолатни ўзининг фойдасига биноан амалга ошириш назарда тутилади. 

Бу ҳадиснинг фиқҳий жиҳатдан иккинчи маъноси Аллоҳ таолонинг динига биз бандалар таклиф қилинганмиз. Мана шу нуқтаи назардан биз бандаларга Аллоҳнинг динида зарар йўқдир ва бу динга нисбатан ҳам бизнинг зарар билан жавоб беришлигимиз ҳам йўқдир. 

Зарар етказмаслик деганда уламолар, биринчи навбатда, тил билан зарар етказмасликни назарда тутишган. Нима учун? Тилдан келган зарар қалбни ўяди. Тилдан келган зарар иймоннинг ўрни бўлган қалбни, Қуръоннинг ўрни бўлган руҳиятни синдиради. Йиллар мобайнида унинг туб-тубига ханжар санчгандек азият беради. Гоҳида бир инсонга оддий хабарни етказаман деб, уни ўйламасдан айтгани натижасида ўзга инсонга зарар етиб қолади. Ҳадисдаги иккинчи маъно иш-ҳаракат билан, амалий жиҳатдан ўзга инсонга зарар бермаслик маъносини англатади. Учинчиси эса, инсоннинг қўшнисига, қариндошига, туғишган жигарига ёки бирга ишлаётган, ҳамкор бўлиб турган инсонга зарар бермасликни назарда тутдилар. Ҳар учала ҳолат ҳам Исломда маън қилинган ҳисобланади.

Top