08:00 / 06.06.2019
43901

Миллатлар лигасида ҳам VAR хатоси. Аммо Роналду барчасини тўғрилади

Фото: Jan Kruger/Getty Images

УЕФА Миллатлар лигасигнинг биринчи яримфинали Португалия ва Швейцария ўртасида кечди. Портудаги «Драгау» стадионида кечган учрашувда майдон эгалари 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ўйинда ҳисобни португалияликлар сардори Криштиану Роналду очди. 34 ёшли футболчи 25-дақиқада жарима зарбасидан унумли фойдаланди.

Ўйиннинг 52-дақиқасида Фабиан Шер Бернарду Силвага қўполлик ишлатгани учун Феликс Брих 11 метрлик нуқтани кўрсатди, аммо меҳмонлар видеотакрордан фойдаланишни талаб қила бошлашди. Ҳакам экран қаршисига борди ва пенальти белгилади... Португалия дарвозасига. Маълум бўлишича, муҳокамадаги фолдан аввалроқ бошқа фол рўй берган - Португалия жарима майдонида. Ҳакам Нельсон Семеду Стивен Цуберга қарши қўполлик қилган деб топди. Узоқ тортишувлардан кейин 57-дақиқада Рикардо Родригес Руй Патрисиуни доғда қолдириб, ҳисобни тенглаштирди. 

Вазият шунчалик чигал бўлгани учун, стадион таблосидаги ёзувлар учун масъуллар ғалати қарорга келишди. «Кимгадир пенальти», –  экранда шундай ёзув пайдо бўлди. 

Фото: Jan Kruger/Getty Images 

Мухлислар эса ижтимоий тармоқларда эпизод муҳокамасига киришишди. Кўпчилик Семеду ва Цубер ўртасидаги контакт минимал даражада бўлгани ва бу вазият пенальтига тортмаслигини айтишди: «VAR – бу кулгили. Уни футболдан  йўқотиш керак. Кимдир менга мантиқни тушунтирсин, ҳакам нега бир вазият такрорини кўриш учун бориб, якунда бошқа вазиятни кўриб қарор чиқарди. Бу шунчаки нотўғри». 

«Португалия пенальти ишлади, ҳакам пенальти белгилади ва кейин видеотакрорни кўриш учун бориб, Швейцарияга аввалги фол учун пенальти берди. Ақлсизлик. Одамлар эса VAR футболдан драматизмни ўғирлаётганини кўриб туришибди», дейилади яна бир изоҳда. 

Ҳакамнинг VAR орқали қарори ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, аммо Криштиану Роналду катта саҳнага чиқди ва охирги дақиқаларда ҳет-тригини расмийлаштирди. У ўз ишини қилди ва Португалияни Миллатлар Лигаси финалига олиб чиқиб, УЕФАни катта можародан қутқариб қолди.

УЕФА Миллатлар лигаси
1/2 финал
Португалия – Швейцария 3:1 (1:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 25 Роналду, 1:1 – 57, пенальти Родригес, 2:1 – 88 Роналду, 3:1 – 90 Роналду.
Португалия – Руй Патрисиу, Пепе (Фонте, 63), Геррейру, Нелсон Семеду, Диаш, Рубен Невеш, Вильям Карвалью, Бернарду Силва, Бруну Фернандеш (Моутинью, 90), Жоау Феликс (Гедеш, 70), Роналду.
Швейцария – Зоммер, Шер, Родригес, Мбабу, Аканжи, Чака, Фройлер (Дрмич, 89), Цубер (Штеффен, 83), Закария (Фернандеш, 71), Шакири, Сеферович.
Огоҳлантиришлар: Чака (66), Шер (68), Шакири (85).

Top