15:37 / 11.06.2019
13303

Россия меҳнат мигрантларига пенсия тўламоқчи

Фото: Иван Секретарев / AP

Россия ЕОИИ мамлакатларидан келган меҳнат мигрантларига пенсия тўлайди – бу имзолашга тайёрланаётган пенсия таъминоти тўғрисидаги келишувда кўзда тутилган, деб ёзади РБК.

Ҳозирда мигрантлар Россия пенсия фондига пул ажратишади, аммо пенсия олишмайди.

Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ўртасида пенсия таъминоти тўғрисидаги келишувда мигрант ишлаган ва пенсия фондига пул ажратган мамлакат у ўз мамлакатига қайтиб кетганидан кейин ҳам пенсия тўлашини кўзда тутади.  

Масалан, қозоғистонлик мигрант Россияда ишлаб, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганидан сўнг Қозоғистонга қайтиб кетса ҳам Россия томони унга пенсия тўлашда давом этади. Агарда Россия фуқароси ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлса  ва масалан, Арманистонга кўчиб кетса, унга пенсияни яна Россия тўлайди.

«Мазкур келишувни кузда имзолаш ва йил охирига қадар ЕОИИнинг барча аъзо давлатлари томонидан ратификация қилиш режалаштирилган», — деб маълум қилди Россия меҳнат вазирлиги.

ЕОИИ таркибига Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон киради.

Top