Спорт | 14:20 / 12.06.2019
28274
15 дақиқада ўқилади

База. Терма жамоамизнинг сўнгги ўйинларига назар

Футбол жамоасини тайёрлашда икки фактор жуда муҳим рол ўйнайди: тактика ва стратегия. Тактика кўпроқ жамоа ўйинини яратиш, услубдаги базавий қадриятлар, боғламлар устида ишлайди. Стратегия эса маълум бир рақибга ёки турнирга мос равишда, мавжуд салоҳиятдан келиб чиқиб, энг самарали режани ишлаб чиқишдир.

Стратегия тузишда рақибнинг устунлик ва камчиликлари муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, жамоанинг айнан бугунги ҳолати, таркиби ва формасини ҳам ҳисобга олиш муҳим саналади. Мана шу маълумотлар асосида, бўлажак ўйинда рақибни қуролсизлантириш, ўз устунликларидан максимал фойдаланиш, камчиликларни ёпиш устида иш олиб борилади.

Тактика эса, бироз кенгроқ тушунча. Бу жамоанинг базавий пойдевори бўлиб, ҳар кунги машғулотларда, тайёргарлик босқичларида ривожлантириб борилади. Агар мураббийнинг ғояси футболчиларига яхши «ўтирса», жамоа ҳар қандай вазиятда ҳам ўша пойдеворга, боғламларга суяниши мумкин. Яъни, жамоанинг рақибдан, қаршилик даражасидан қатъи назар, фойдаланадиган қуроллар мажмуаси.

Дунёда ҳар икки йўналишнинг ўз усталари бор, аммо бу дегани, яхши тактик мураббий стратегиядан узоқ бўлади ёки акси, деб тушунмаслик керак. Масалан, Пеп Гвардиола учун тактика муҳим, лекин биз унинг алоҳида муҳим ўйинларга ёки рақибларга қарши ажойиб режалар ишлаб чиқишини ҳам яхши биламиз. Ўша машҳур класикода (6:2) чап қанот ҳужумчиси бўлган Мессини марказга олиб, «Реал»ни довдиратиб қўйгани кўпчиликнинг ёдида.

Ёки стратегия даҳоси саналган Жозе Моуриньо жамоаларида ҳам асос бўлиб хизмат қиладиган тизимлар бор. Тезкор вертикал қарши ҳужумлар, кўпчилик «автобус» деб таъриф берадиган икки қаторли ҳимояланиш – бу тизимлар Жозенинг ажралмас қисми ва юзидир.

Қай даражада иш бериши бошқа масала, лекин стратегияни ишлаб чиқиш осонроқ – жамоани янги қабул қилган мураббий бўлажак рақиб ва ўз жамоасининг сўнгги ўйинларини ва футболчиларни яхшилаб ўрганиб, керакли режани ишлаб чиқиши ва қисқа муддатда муваффақиятга эришиши мумкин. Тактика, услубни сингдириш эса, бироз қийинроқ, маълум вақт ва аниқ йўналишдаги машғулотлар лозим бўлади.

Эктор Купер ўтган йили бир қатор ўртоқлик ўйинларида миллий жамоамизни майдонга олиб тушганида, ҳатто Осиё кубогида ҳам, ундан кўпроқ стратегик қарорларни талаб қилдик. Чунки асосий масала, футболчиларга аниқ натижалар орқали, ишончни қайтариш ва Осиё чемпионатида муваффақият қозониш эди. Бир-биридан фарқли бўлган ўйинларда, масалан, Уммонга қарши ишончсиз ўйин кўрсатилганда ҳам, Австралия билан учрашувда атайлаб «иккинчи рол» танланганда ҳам, бу натижа учун стратегия ўлароқ қабул қилинди. Купер режалари ўхшаса, демак ютамиз, ўхшамаса, йўқ – масалага шундай қаралди ва янги мураббийга нисбатан, балки энг тўғри йўл шу эди.

Аммо энди, тўлақонли турнир ва ундан кейинги икки йиғиндан сўнг, ниҳоят, биз Купердан тактикани, яъни, терма жамоамиз суяниши керак бўлган АСОСни талаб қилишга ҳаққимиз бор, деб ўйлайман. Натижалардан, рақиблардан қатъи назар, ўйин картинасида айнан мана шу асосни кўрсак, жамоа тўғри йўлдан кетаётганига ёки мураббий белгилаган йўлдан тўғри кетаётганига амин бўламиз.

Энди, биз сиз билан «соатларимизни тўғрилаб олгач», Куперга саволлар беришни бошлаймиз: хўш, мана шу ракурсдан қараганда, миллий жамоамиз ўйини қандай таассурот қолдирмоқда?

ТАКТИКА ВА СТРАТЕГИЯ УЙҒУНЛИГИ ҲОЗИРЧА САМАРАСИЗ

Купер сўнгги йиғинда ҳар икки масала устида бош қотиргани шубҳасиз. Буни мен икки жиҳатда кўраман: Шомуродов ҳақидаги матбуот анжуманидаги фикр ва Қувондиқ Рўзиевнинг асосий таркибда ҳаракат қилиши. Мана шу икки қарор Купернинг режаларини сал бўлса-да, тушунтиргандек бўлади.

Сурияга қарши ўйиндан сўнг, матбуот анжуманида журналист савол берди:

- Ўйинимиз асосан Шомуродов томонга тўпни етказиб беришдан иборат бўлиб қолмоқда?

Купер бу саволга жавобан, Элдор ҳозир жуда яхши формада экани ва бундан албатта, фойдаланиш лозимлиги ҳақида гапирди. Одатда мураббийларнинг матбуот анжуманидаги фикрлари ва ўйин ҳақидаги асл тасаввурлари фарқли бўлишини ҳам ҳисобга олган ҳолда, барибир, хулоса қилсак, Эктор Купер учун бу ўйинларда натижага эришиш, гол уриш аҳамиятли бўлганини кўрамиз. Яъни ҳужум ташкил қилишнинг бошқа вариантларини синаб кўриш, янги боғламлар устида ишлаш ўрнига Элдорнинг яхши спорт формасидан фойдаланишни маъқул деб билмоқда. Ахир бундай ўйинларда мураббий учун ягона имкониятдан фойдаланиб ғалаба қозонишдан кўра, ўйин давомида кўплаб вазиятлар яратиб, якунда гол ура олмаслик яхшироқ бўлиши керак эмасми? Чунки тайёргарликнинг асосий мазмуни гол уриш ва ўтказиб юбормаслик эмас, вазият яратиш ва рақибга вазият яратишга йўл қўймаслик бўлиши керак, менинг фикримча.

Чунки жамоада ҳужум ташкил қилиш учун бир неча вариантлар бўлиши, яъни ҳимояланиш, ўйинни назорат қилиш ва вазият яратишда ўз АСОСларига эга бўлиши жуда муҳим саналади. Ахир эртага Элдор ёки Жалол яхши спорт формасида бўлмаслиги ёки сафдан чиқиши ўйин картинасига қандай таъсир кўрсатади? Ўйинларга ишлаб чиқилган СТРАТЕГИЯ иш бермай қолганда, жамоа суянадиган асосий ТАКТИКА нимадан иборат? Афсуски, бу саволлар жавобсиз қолмоқда.

Ва масаланинг иккинчи томони, Купер фақат мана шу режаларига суяниб қолмагани ва ўртоқлик ўйинларда фақат ғалаба қозонишни ният қилмагани одамни хурсанд қилади. Бу ўша Қувондиқ Рўзиевнинг асосий таркибда майдонга тушишидир.

БААдаги мусобақада, барча ўйинларда Жавоҳир Сидиқов асосий таркибда ҳаракат қилган ва Купер жамоасининг асосий ўйинчиларидан бирига айланганди. У жароҳат олгач, Купер Сидиқовнинг майдондаги ўрнини кейинги навбатда турган ярим ҳимоячи билан тўлдирмай, айнан Сидиқовнинг ўйин услубига жуда ўхшаш ҳаракат қилувчи Рўзиевни танлашида маъно бор. Тан олиш керак, ҳозирда аутсайдер жамоа таркибида тўп сураётган Қувондиқ, айтайлик, анча тажрилабироқ бўлган бир қатор ярим ҳимоячилардан кучли эмас. Купер эса, унга балки Сидиқовнинг вазифаларини юклаш орқали, жамоанинг ўша АСОСини сақлаб қолишга уринганини тушуниш мумкин. Яъни, балки декабрь ойидан бери жамоа ўйини қурилаётган пойдевор устига ғиштлар тўғри қўйилишини таъминлаш мақсадида, Қувондиққа имконият берилган. Бу ерда таркибнинг савиясидан кўра, кўпроқ, шакли сақланиб қолинишига ҳаракат қилинган. Рўзиев ўз даражаси учун умуман бошқа савиядаги ўйинда майдонга тушганига қарамасдан, ўйинни бузиб қўймаганининг сабаби ҳам шу ерда – у майдонга аниқ кўрсатма ва вазифалар асосида туширилганди. Яъни, иккинчи бўлимларда шунчаки, синаб кўриш учун ва эпизодлар учун туширилган бошқа номзодлардан фарқли ҳолат эди.

Мана шу икки нуқтаи назарни жамласак, аслида Купернинг ўзи ҳам, эндиги фаолиятида миллий жамоамиз учун асос яратишга уринаётганини, лекин шу билан бирга, бу ҳаракатлар ҳозирча наф бермаётганини тушунишимиз мумкин.

Терма жамоамиз тўпни рақиб майдонига олиб ўтишда, уни сақлаб туришда ва энг аҳамиятлиси, ўйланган позицион ҳужумларни ташкил қилишида қониқарли даражани кўра олмадик. Шимолия Корея ва Сурия билан ўйинни кўз олдингизга келтиринг: умумий 6:0 ҳисоби қайд этилган бўлса-да, агар голларни бир четга сурсак, ўйиннинг ўзида бир жамоанинг иккинчисидан бир бош устунлигини пайқамадим. Айтайлик, Туркия билан ўйинда бу жиҳат яққол кўзга ташланган, рақиб ҳатто аралаш таркиб билан тўп сурса-да, майдоннинг ҳар ерида ва ўйиннинг ҳар жабҳасида бошқа савия экани сезилиб турди. Бу футболчиларнинг индивидуал ҳаракатларида эмас, айнан мураббий чизгилари – тўп билан ва тўпсиз ҳаракатланиш, шеригини қўллаб-қувватлаш, тўпни назорат қилишда билинди.

Дарвоқе, айнан аралаш таркиб деганда, бизда таркибдаги ўзгаришлардан сўнг, ўйин картинаси умуман йўқолиб қолганини, кўришимиз мумкин. Масалан, Аҳмедов ва Шомуродов чиқиб кетиб, ўрнига Сергеев ва Мусаев туширилганда, ўйин савияси тушиб кетмоқда – шу ўринда савол туғилади: ўйин картинаси ва режаси айнан Аҳмедов, Шомуродов ёки бошқаларнинг индивидуал маҳорати устига қурилгани исботланиб қолмаяптими? Аслида эса, таркибда нафақат ўйинчилар, балки роллар ҳам алмашиши, Машарипов ролини Алибоев, Шомуродов вазифасини Сергеев бажариши керак. Хўп, Сергеев Шомуродов каби маҳорат билан вазиятдан фойдалана олмас, аммо фарқ айнан ўша ерда кўриниши керак, яъни ҳеч бўлмаса, Сергеев учун вазиятлар яратилиши шарт.

ШУКУРОВ – МУҲИМ ФИГУРА

Бугунги миллий жамоамиз учун, Купер учунам, Сидиқовдан кўра, Шукуровнинг жуда муҳим фигура эканини сўнгги ўйинлар исботлади. Ҳамробеков ҳам, Мусаев ҳам тўпсиз ҳаракатланганда, жисмоний кўрсаткичлари билан жуда фойдали бўлиши мумкин, аммо айнан пластикаси, тўпни назорат қила олиши ва энг муҳими, тўпни рақиб майдонига олиб ўтишдаги аҳамияти нуқтаи назаридан Шукуровнинг ўрни катта экан.

Осиё кубогида тўп билан энг кўп муомала қилган, ўйинда энг кўп иштирок этган ва аниқ пасларни амалга оширган футболчи таркибимизда Отабек Шукуров эди. Кучлироқ босим остида, айниқса, Австралияга қарши ўйинда Шукуров жамоамизда энг яхши ўйинчи бўлганди. Яъни рақиб томонидан босим каттароқ бўлганида, тўпни сақлаб қолиш, марказий ҳимоячиларимиз билан боғламлар орқали, ўйин темпини бошқаришни ҳеч ким у каби амалга ошира олмаяпти. Бу учун Аҳмедов орқага қайтишга мажбур бўляпти ва бу ўз навбатида, ҳужумни давом эттиришда муаммолар яратмоқда. Одил орқага қайтганда, олдинги чизиқда бошқа Одил йўқ, Рўзиев ва Ҳамробеков бу йўналишда ҳали етарли ишонч ва тажрибага эга эмас. Аҳмедов ҳужумларни Сайфиев ёки Машарипов ёрдамида давом эттиришга мажбур бўляпти. Бу эса, биринчидан, ўйинни рақиб учун бир хил ва тушунарли қилиб қўйса, иккинчидан, ҳужумнинг кейинги ривожи учун вариантлар камаймоқда. Эътибор берсангиз, Одил айнан дриблинг орқали, майдон марказини босиб ўтганида, ҳужумларимиз хавфли тус олиб, бир қатор фарқли вариантларга эга бўлдик. Шукуров эса, бу вазифанинг ярмини ўз зиммасига олар ва тўпни олдинроқдаги Аҳмедовга етказиб бериш билан шуғулланарди.

Албатта, ўнг қанотнинг оқсаганини, яъни Достон Ҳамдамовнинг йўқлиги ҳам таъсир қилганини эътироф этиш керак. Натижада, аксарият ҳужумларимиз Машарипов тарафга тортиб кетаверди – бу эса, рақиб вазифасини осонлаштирди. Жалолиддинга қарши доимий равишда икки нафар ҳимоячи жуда диққатли тўп суриши оқибатида, ҳужумдаги вариантларимиз яна ўша, юқорида тилга олингандек, Шомуродовнинг маҳоратига таяниб қолаверди.

ДЕНИСОВ УСТИДАН ЧИЗИЛДИМИ?

Виталий Денисов ҳали футбол фаолиятини якунлагани йўқ ва ҳали ҳам Ўзбекистон фуқароси саналади. Осиё кубоги пайтида Купернинг унга муносабати барибир бироз мавҳум қолган, лекин турнирдан кейин Денисов варианти доим борлигини ва келажакда ундан фойдаланиш мумкинлигини мураббийнинг ўзи таъкидлаганди. Лекин сўнгги йиғин бу вариант балки ҳеч қачон кўриб чиқилмаслиги ва балки Купер даврида Денисов учун эшиклар ёпиқ эканини кўрсатгандек.

Осиё кубогидаги қарор тушунарли: Купер айни ўша пайтда ва ўша мусобақа учун Зотеевни биринчи, Сайфиевни иккинчи танлов деб билган. Денисовдан кўра, бу икки футболчи самаралироқ деб билиш мураббийнинг ҳаққи, бунга қарши бўлиш мумкин, аммо талаб қила олмаймиз. Тушунарли.

Аммо шахсан мен учун кейинги йиғинларда Денисовнинг йўқлиги тушунарсиз. Чунки Зотеев ишончни тўлиқ оқлолмади, энди Сайфиев варианти биринчи танловга айланди. Бу ерда Сайфиевнинг «Пахтакор» таркибида мавсум бошида сезиларли ўсишга эришгани билан биргаликда, Зотеевнинг пасайиши ҳам бор. Демак, мантиқан олганда, бундай пайтда, яъни дастлабки танлов ишончни оқламаганда, Денисов ҳам чақирилиши ва уч футболчи ичидан иккитаси танланиши тўғрироқ эмасми? Яъни гап конкрет палладаги ёки аниқ бир турнир палласидаги ҳолат эмас, умумий тайёргарлик, номзодларнинг кўриб чиқилиши ҳақида борганда, ҳали ҳам юқори савиядаги чемпионатда бўлиб турган футболчини беъэтибор қолдиришга қандай қараш мумкин?

Албатта, таркибни мураббий аниқлайди, лекин очиқ кўриниб турилган вариантлар синаб кўрилмаётгани ҳақида фикр билдириш ҳам нормал ҳолат. Демак, Денисовнинг Осиё кубогига олиб кетилмагани футболчининг ёмонроқ спорт формаси сабабли эмас, балки Купернинг Денисовга нисбатан муносабатидан келиб чиқилган қарор бўлганини тахмин қилиш мумкин. Балким Денисовнинг ўйин услуби Купернинг АСОСий ўйин тизимига мос эмасдир, балки характер жиҳатидан унинг жамоада бўлиши муаммо туғдирар, хуллас, агар қандайдир кутилмаган воқеалар чиқмаса, бундан кейин ҳам аргентиналик мутахассис Денисовни таркибга жалб қилмаса керак.

ХУЛОСА

Агар терма жамоамизни мақола бошида ўзимиз учун асос қилиб олган ўлчовлар ёрдамида таҳлил қиладиган бўлсак,

Ҳа, Купер жамоа пойдеворини яратиш, базавий қадриятлар ва таркибни ривожлантириш йўлида иш олиб бормоқда, аммо ҳозирча, бу ҳаракатлар у қадар самара келтирмаётганини ҳам тан олишимиз керак. Терма жамоа клубдан фарқли равишда, етарли вақтга эга эмаслиги, баъзи систематик ўйинчиларнинг жароҳати бугунги вазиятда Купернинг ҳимоясига ишлатилиши мумкин бўлган жавоблардир. Аммо...

Ҳар қандай жамоа маълум бир режа ва кўрсатмалар асосида ўйинларга тайёрланади. Ҳар қандай стратегияда футболчиларнинг индивидуал маҳорати ҳам аҳамият касб этади. Баъзида Шомуродов, баъзида Машарипов ёки Аҳмедов, баъзида рақиб хатолари ҳам бизга ўйинларни ютиб бериши мумкин. Купер алоҳида ўйинга жуда яхши режа тайёрлаши ва бу иш бериб, ажойиб натижага ҳам эришишимиз ҳам мумкин.

Аммо ҳар қандай жамоада аниқ режаларнинг ишламай қолиши, футболчиларнинг ўйини қовушмаслиги, вазиятлардан фойдаланиш юқори кўрсаткичларда бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда жамоа ўзининг базавий қуролига – бошқача айтганда, автомат даражасида шаклланган ўйин қисмига эга бўлиши керак. Ана ўша ўйин жамоани қутқаради, қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетади, ҳар қандай ҳолатда ҳам маълум бир савиядан пасайиб кетмасликни таъминлаб беради, етакчиларнинг аҳамиятини пасайтиради, янги қўшилган футболчиларга ишонч беради.   

Муҳим саралаш мусобақалари олдидан Купер олдидаги энг асосий вазифа мана шу, менимча.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид