15:55 / 12.06.2019
11279

Давлат солиқ қўмитаси: «Instagram'да реклама жойлаштириш орқали пул топаётганлар солиқ тўлаши шарт»

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

12 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида «Қўшимча қиймат солиғи ва бошқа янги солиқлар имплементацияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти» мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда интернетдаги махсус саҳифалар ва Instagram, Telegram, Facebook каби ижтимоий тармоқларда реклама эълонларини жойлаштириш орқали даромад олиш ва бундан солиқ тўланиши шарт ёки шарт эмаслиги ҳақида савол берилди.

«Даромад олишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият тури тадбиркорлик ҳисобланади. Қандай йўл билан даромад топишингизнинг аҳамияти йўқ. Давлат рўйхатидан ўтишингиз шарт. Агар сиз даромад топиш фаолияти билан шуғулланаётган бўлсангиз, ё якка тартибдаги тадбиркор сифатида ё юридик шахс сифатида албатта давлат рўйхатидан ўтган бўлишингиз керак», — деди Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати вакили Музаффар-Юсуф Назаров.

Солиқ органи вакиллари блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, шахсий саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига «ноқонуний фаолият» дея таъриф беришди.

«Тўғри, қонунда блогерлик деган тушунча йўқ. Блогерлик фаолият тури эмас, бунга қонунчиликда таъриф берилмаган. Лекин сиз кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатаяпсиз-ку. Бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади. Ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор», — деди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини таъкидлади.

Мулоқотда қайд этилишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида электрон тижорат соҳасида солиқларнинг жорий этилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Kun.uz журналисти ушбу масаладаги ўз суриштирувида ижтимоий тармоқларда реклама тарқатувчи машҳурларнинг аккаунтларини таҳлил этиб, реклама мазмунидаги ахборот мавжуд қонунга мувофиқ тарқатилмаслигини таъкидлаганди.

Top