Жамият | 21:08 / 13.06.2019
11957
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда уйи бузилишга тушган аҳоли учун янги хонадонлар топширилмоқда

Тошкентдаги “Коҳ ота”, “Самарқанд дарвоза” ва “Хасти имом” маҳаллалари аҳолисига Чилонзор тумани Сеул кўчасидаги азалдан Чилонзор оқтепаси номи билан машҳур бўлган ҳудудда қурилган Оқ-тепа соҳил бўйидаги уйлардан 360 та хонадоннинг калитлари топширилмоқда.

Бундан бир қанча муддат олдин Тошкентдаги “Коҳ ота”, “Самарқанд дарвоза”, “Хасти имом” ва “Жанггоҳ” маҳаллаларидаги хусусий хонадонлар ўша ҳудудларда бошқа ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга объектлар қурилиши муносабати билан бузилган эди.

Ўшанда бу уйлар эгаларига замонавий шароит ва қулайликларга эга янги хонадонлар топширилиши айтилган эди. Айтилган фурсат етиб келди, 360 та оила учун янги уйлар қурилди ва фойдаланишга топширилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Шайхонтоҳур тумани Себзор даҳаси «Жанггоҳ» маҳалласида қурилиш учун бузиш ишлари ўтган йил сентябрида бошланганди. 

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳолига бир неча ой аввал бузилиш ҳақида тушунтириш ишлари амалга оширилгани, огоҳлантиришлар берилгани ва ҳудудда яшовчи хонадонларга бир нечтадан замонавий кўринишда қурилган квартиралар берилаётганини таъкидлаганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, турар жой олиш учун бузилаётган уй (квартира) эгасидан бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олинади. Кейин у бир ой муддатда оила аъзолари ёки бошқа биргаликда яшайдиган (рўйхатдан ўтган) шахслар билан келишган ҳолда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ўзига бузилган уй-жой ўрнига турар жой ажратиш тўғрисида ариза бериши керак. Аризада оила таркиби, доимий яшайдиганлар сони, турар жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони олиш учун имтиёзлар кўрсатилади.

Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатларнинг қиймати пул билан қопланмайди.

Мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади.

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид