18:28 / 15.06.2019
7833

Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида қабул жараёнлари бошланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида жорий йилнинг 15 июнь кунидан эътиборан қабул жараёнлари бошланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қабул жараёнларини юқори даражада ўтказиш, абитуриентларга қулай шароитлар яратиш мақсадида барча диний таълим муассасаларида қабул жараёнига оид Низом, йўриқномалар, қабул қоидалари, қабул квотаси, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар, шунингдек, кириш имтиҳонлари ва уларни ўтказиш тартиби, фанлар бўйича ўтказиладиган маслаҳатлар жадвалини акс эттирувчи баннер ва эълонлар тахтаси ташкил этилди.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига таълим йўналиши бўйича маълумотлар бериш мақсадида қабул ҳайъати таркибида маслаҳатчи ва тиббий ходим фаолият кўрсатиб, таълим йўналиши ва билим юрти фаолияти тўғрисида маълумот ва тавсиялар бериши йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019-2020 ўқув йили учун қабул жараёнлари ўрта махсус ислом билим юртларида жорий йилнинг 5 июлига қадар, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасасида эса 15 июлига қадар давом этади.

Top