Жаҳон | 18:00 / 16.06.2019
46040
11 дақиқада ўқилади

Ҳамма ўзи учун. Уммон кўрфазидаги янги зиддият арафасида кучлар мувозанати

Фото: AFP

Май ва июнь ойларида Форс кўрфазида нефть танкерларига ҳужумлар кузатилди. АҚШ бу ҳужумларда Эронни айбламоқда ва ҳудуддаги қўшинлари сонини кўпайтирмоқда.

13 июнь куни Уммон кўрфази ҳудудида Саудия Арабистонидан Сингапур ва Тайванга йўл олган икки танкерда портлаш юз берди. 

АҚШ бу ҳужумларда Эрон ислом инқилоб қўриқчилари корпусини айблади. Америкаликлар эронлик зобитлар портлашлар юз берганидан саккиз соат ўтиб, экипажи эвакуация қилинган танкерлардан бирига яқинлашгани ва бўлган ҳодисага Эроннинг алоқадорлигини яшириш мақсадида портламай қолган магнит минани йиғиштириб олгани тасвирланган видеони намойиш этди.

Форс кўрфази - сўнгги 40 йил давомида бир неча уруш ва юзлаб маҳаллий низолар рўй берган, жаҳоннинг энг нотинч ҳудудларидан биридир. Кўрфаздаги ҳар бир давлат баъзан эҳтиёткорлик билан, баъзида эса агрессив сиёсат юритиб, қўшниларининг позициясини заифлаштириш орқали минтақада етакчилик қилишга интилади.

Ҳозирда вазият яна кескинлаша бошлади, Дональд Трамп Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиқиб, бу давлатга янги санкциялар қўллаган.

Энди Вашингтон Теҳронни танкерларга ҳужум қилишда айбламоқда. Эрон ҳукумати бу айбловларни қатъиян рад қилмоқда.

«Би-Би-Си» Форс кўрфазидаги кучлар тақсимотини кўриб чиққан.

Эрон

Эрон минтақа етакчилигига даъво қилади ҳамда ўз сиёсатини АҚШ ва Исроилга қарама-қарши йўналишда олиб боради.

Исроил разведкаси маълумотларига кўра, расмий Теҳрон вақти-вақти билан Исроилдаги аҳоли яшаш пунктларини ўққа тутиб турадиган «Ислом жиҳоди» гуруҳини қўллаб-қувватлайди.

Бу мамлакат узоқ йиллар давомида ўз ядро дастури туфайли санкциялар остида яшади. 2015 йилда бу дастурнинг тугатилиши назарда тутилган келишув имзоланганди. Шундан сўнг санкциялар бекор қилинганди, аммо бу вақтинчага эди.

Эрон Саддам Ҳусайн ҳукумат тепасида бўлган вақтда қўшниси Ироқ билан жиддий зиддиятда эди. Эроннинг минтақадаги стратегик рақиби эса Саудия Арабистони ҳисобланади. Расмий Теҳрон саудияликларни яриморолдаги диний озчилик бўлмиш шиаларга нисбатан зулм ўтказишда айблайди.

Сўнгги ойларда вазият кескинлашди. Эроннинг юқори мартабали амалдорлари танкерларга ҳужумга алоқадорликни қатъиян рад этишмоқда ва буни иғво деб атаб, ҳалқаро жамиятни бу ҳолатни синчиклаб ўрганишга чақирмоқда.

Россия билан муносабатлар
Бу икки давлат ўзаро қалин муносабатларда дейиш мумкин. Икки мамлакат ўртасида савдо ва ҳарбий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Россиялик мутахассислар Буширда атом станцияси қурмоқда. Москва ва Теҳрон Сурия можаросида Башар Асадни қўллаб-қувватлайди.

Россия ҳамиша Эронни санкциялардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб келган, 2015 йилда, Қримни қўшиб олганидан кейин эса Эронга инфраструктура лойиҳалари учун 7 миллиард доллар миқдорида кредит берган.

АҚШ билан муносабатлар
Қуролли зиддият ёқасида - ҳар ҳолда Америка маъмуриятида шундай вариантни истисно этмайдиган кишилар бор, масалан, Дональд Трампнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон.

2015 йилда Эрон ядровий келишув тузганди - ядро дастурларини жиддий қисқартириши эвазига бу мамлакатдан санкциялар ечилиши кўзда тутилганди. АҚШ президенти Дональд Трамп сайловолди кампанияси вақтидаёқ бу келишувдан чиқиши ҳақида маълум қилган.

Дональд Трамп бу келишувни жуда кўп марта танқид қилган, унинг сўзларига кўра, бу келишув шартларига кўра Эрон 10-15 йилдан кейин атом бомбасини ишлаб чиқишга қайтиши мумкин бўлади.

2018 йил кузида АҚШ Эронга қарши санкцияларни тўла ҳажмда тиклади. 2019 йил майида БАА қирғоқлари яқинида АҚШ танкерларига ҳужум қилингач, минтақадаги америкалик ҳарбийлар сонини жиддий оширишга киришилди.

20 май куни Трамп уруш бошланса, Эрон ер юзидан йўқ бўлиб кетиши билан таҳдид қилди.

Саудия Арабистони

Жаҳондаги энг йирик нефть қазиб чиқарувчи давлатлардан бири бўлган бу давлат нефть нархини ўрнатувчи давлат сифатида жаҳон сиёсатига бир неча бор ўз таъсирини ўтказган. Ислом дини маркази бўлган бу давлат минтақанинг энг муҳим сиёсий ўйинчиси ҳисобланади.

Шу билан биргаликда, бир неча марта террорчи ташкилотларни қўллашда ва Афғонистондаги толибонлар бошқарувини тан олгани учун халқаро ҳамжамият томонидан танқидга учраган.

Саудия Арабистонининг минтақадаги асосий рақиби - Эрон. Бу қарама-қаршилик диний хусусиятга ҳам эга. Саудияда асосан суннийлар, Эронда эса шиалар истиқомат қилади.

Россия билан муносабатлар
Россияда советлар узил-кесил ҳокимиятини ўрнатган 1930-йиллардан СССРнинг йиқилишига қадар даврда икки мамлакат ўртасида алоқалар мавжуд бўлмаган. 1990-йилларда ва 2000-йилларда алоқалар тикланган, аммо бу алоқалар яқин бўлмаган.

2010-йиллар бошида Сурияда уруш бошлангач бу икки мамлакат ўртасида яна совуқчилик пайдо бўлди, Россия Башар Асад режимини қўллади, Саудия унга қарши курашувчилар томонида турди.

Лекин сўнгги вақтларда муносабатлар илиқлаша бошлади. Саудиялик сиёсатчилар Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини танқид қилишди.

2017 йил октябрида Владимир Путин Москвада Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Саудни қабул қилди. 2019 йилнинг 1 июнида Кремль жавоб ташрифи бўлишини маълум қилди.

АҚШ билан муносабатлар
Бу икки давлат аввалдан яхши муносабатларда бўлиб келган ва шундайлигича қолмоқда. АҚШ - Саудия Арабистонининг йирик стратегик ва савдо ҳамкоридир. Мамлакатлар ташқи сиёсатдаги турли масалаларда ҳамфикр бўлишади.

Саудия Арабистони - Америка қуролининг энг йирик импортёридир.

Фақат 2017 йил кузида Америкада яшаган саудиялик журналист Жамол Қошиқчи саудияликларнинг Туркиядаги консуллигида изсиз йўқолгач АҚШ ва Саудия Арабистони муносабатлари ёмонлашди.

Сенаторлар қотилликка алоқадор бўлган саудиялик амалдорларни «Магнитский рўйхати»га қўшишни талаб қилишди.

Президент Дональд Трамп бунга жавобан қотиллик иши билан шуғулланишга ваъда берди, аммо ҳаддан ортиқ қатъий чоралар кўрилишига қарши чиқди.

БАА

Бирлашган Араб Амирликлари минтақадаги энг эҳтиёткор ва қайишувчи сиёсат олиб борадиган мамлакатдир.

Бу мамлакат минтақадаги барча давлатлар билан алоқаларни қўллаб-қувватлайди ва фақат радикал кучларга қарши чиқади.

БАА аллақачон терроризмга алоқадорликда гумонланган шахслар ва ташкилотларнинг ҳисобларини музлатиб қўйган.

Россия билан муносабатлар
Давлатлар даражасидаги муносабатлар - яхши даражада. 2017 йил апрелида Владимир Путин Кремлда Абу-Даби тахти валиаҳди Муҳаммад Ол-Наҳаённи қабул қилганди.

11 июнь куни Россия президенти ва амирликлар шаҳзодаси ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди ва томонлар минтақадаги хавфсизлик ва барқарорлик сақлаб қолиниши зарурлиги бўйича келишиб олишди.

БАА ва Россия ҳудудий низоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилишдан ташқари, Амирликлар Россиядан қурол сотиб олади, масалан, 2019 йилнинг февралида ҳарбий машиналар сотиб олинган.

2000-йиллардан буён Дубай ва Абу-Даби россиялик бизнесменлар ва амалдорлар учун энг жозибадор ҳудудлар бўлиб келади.

АҚШ билан муносабатлар
Россия билан муносабатларга қараганда қалинроқ. Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида америкаликларнинг турли компанияларининг минглаб офислари жойлашган.

АҚШ Амирликлардан нефть харид қилади ва қурол етказиб бериш борасида Россия билан рақобатлашади. Америкаликларнинг ҳарбий кемалари БАА портларидан фойдаланади.

Қатар

Тарихан Саудия Арабистонининг яқин иттифоқчиси ҳисобланади, аммо бугунги кунга келиб бу давлат нисбатан мустақил сиёсат юрита бошлаган ва Саудия ва Эрон зиддиятида бетараф позиция танлаган.

Бу ерда жаҳондаги энг йирик араб телеканали - «Ал-Жазира»нинг бош офиси жойлашган.

Бу мамлакат 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Қатар бу минтақа мамлакатларига хос бўлмаган қадамлар ташлаб туради - масалан Исроил билан савдо-дипломатик алоқалари ўрнатишга ҳаракат қилади.

2018 йилда Қатар ОПЕКдан чиқишини маълум қилганди - чунки бу давлат ҳукумати нефть ва газ қазиб олиш масалаларида мустақил қарорлар қабул қилишни истайди.

2017 йилнинг майида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилганди.

Бунга гўёки қатарликлар террорчи гуруҳларни молиявий қўллаб-қувватлагани сабаб сифатида кўрсатилганди.

Бу - Эрон билан дўстлик ва мустақил сиёсат юритгани учун араб давлатлари томонидан қўлланган чора эди. Ўшанда Эрон ҳукумати Қатарни қўллаб-қувватлаб чиққанди. Бу зиддият ҳамон давом этмоқда.

Россия билан муносабатлар
Ижобий-бетараф. Россия Сурия масаласида Қатар билан ҳамфикр бўлмаса ҳам савдо соҳасида ҳамкорлик қилиб келади. 

2017 йилда Қатар ўз қўшнилари билан зиддиятга киришганида Россия воситачилик таклиф қилганди.

АҚШ билан муносабатлар
Анча яқин - АҚШдан нефть қазиб олиш учун ускуналар олишдан тортиб таълим соҳасидаги ҳамкорликкача.

Ҳозир Қатар ҳам Эрон, ҳам АҚШ билан яқин алоқаларга эга давлат сифатида томонларни зиддиятни эскалация даражасига келтиришдан тийилишга чақирмоқда.

Кувайт

1990-1991 йилларда Ироқ томонидан қилинган ҳужум ва бунинг ортидан халқаро коалиция кучлари томонидан озод этилишидан кейин бу мамлакат ҳудудий низоларда бетараф позиция танлайдиган бўлган.

Фақат бир истисно: Кувайт Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа кучларга қарши ўтказиб келинаётган араб коалицияси иштирокчиси ҳисобланади.

Россия билан муносабатлар
Барқарор даражада яхши. Бу давлатлар газ соҳасида ҳамкорлик қилишади: 2010 йилда имзоланган келишувга кўра, Россия Кувайтга АЭС қурилишида ёрдам кўрсатиши мумкин.

АҚШ билан муносабатлар
Барқарор даражада яхши. Бу давлатлар ўртасида савдо алоқалари ўрнатилган. Кувайтда 130 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчи хизматни ўтайдиган ҳарбий база жойлашган.

Кувайт АҚШ-Эрон қарама-қаршилиги ҳеч кимга фойда келтирмайди, деб ҳисоблайди.

Ироқ

30 йилдан ортиқроқ вақт муқаддам Ироқ ва Эрон ўртасида уруш бўлиб ўтганди; Саддам Ҳусайн ҳукуматдан ағдарилиб, қатл этилгач, Ироқнинг янги ҳукумати Теҳрон билан муносабатларни яхшилаган ва кўп соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади.

Сўнгги йилларда мамлакат ИШИДга қарши уруш олиб бориш билан банд бўлди. 2017 йилнинг декабрида жангариларга қарши уруш якунлангани эълон қилинди.

Россия билан муносабатлар
Давлатлар ҳамкорлик қилади, Россия Ироқни жангариларга қарши урушда қўллаб-қувватлаган.

Бундан ташқари, Россия кўп йиллар давомида Ироққа турли қуроллар етказиб келмоқда. Ироқ Россиядан қурол сотиб олувчи давлатлар рўйхатида Ҳиндистондан кейинги иккинчи ўринни банд этади.

АҚШ билан муносабатлар
Америкалик ҳарбийлар Саддам Ҳусайннинг қатлидан кейин яна 5 йил давомида, 2011 йилгача Ироқда қолишган. 

Ҳозирда АҚШ ва Ироқ манфаатлари нефть бўйича муштарак, аммо Ироқ катта миқдорда нефть экспорт қилса-да уруш оқибатлари туфайли оғир иқтисодий аҳволда қолмоқда.

Мавзуга оид