Жамият | 14:10 / 17.06.2019
18824
3 дақиқада ўқилади

Сессия табиат учун зарарли(ми)?

Айни кунларда республика олий таълим муассасаларида ўтган семестр бўйича якуний назоратлар сессияси бўлиб ўтмоқда. Лекин ҳозир гап бу сессиялардаги адолатсизлик, хўжачилик ва порахўрлик ҳақида эмас.

Баҳолар ҳисоб-китоб қилинадиган бу «мавсум»да барча талаба ва ўқитувчилар учун таниш жараён такрорланади: семестр давомида ўзлаштирилган фанлар бўйича қониқарли баҳо олиш учун ўқитувчи талабадан мустақил ишларни (реферат, портфолио, тақдимот ва ҳоказо) талаб қилади. Дарснинг мураккаблиги, ўқитувчининг талабчанлик ва қаттиққўллик даражаси, талабанинг қолдирган дарслари ва юқори баҳога даъвогарлиги каби омиллар таъсирида бу мустақил ишларнинг ҳажми ва ранг-баранглиги ҳам ошиб боради.

Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, мустақил иш талаба билимини баҳолашнинг мезонларидан бири ҳисобланади. Семестр давомида тўпланиши керак бўлган максимум 100 баллнинг 10 бали мустақил иш учун ажратилган. Шунингдек, талаба дарс қолдирганда («нб»ни «отработка» қилиш) ёки семинар ва амалий машғулотлар учун қўшимча равишда ҳам мустақил иш талаб этилади.

Гап шундаки, бу мустақил ишлар электрон тарзда топшириш учун барча имкониятлар бўлгани ҳолда, қоғозга чиқариб топширилиши талаб этилади. Сабаб сифатида эса «текшириш келиб қолганда баҳо учун исбот» сифатида кўрсатилиши рўкач қилинади.

Энди бир ҳисоблаб кўрайлик. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига асосан, 2017 йил ҳолатига кўра республика бўйича 288,471 нафар талаба мавжуд. Уларнинг ҳар бири бир семестр давомида ўртача 8та фанни ўқийди. Ҳар бир фандан энг камида ўртача 10 саҳифага эга битта мустақил иш талаб қилинса, демак, битта талаба бир семестрда 80 дона, республикадаги барча талабалар эса 23,077,680 дона А4 форматдаги қоғозни сарфлайди.

Энди яна бир арифметика. Интернет маълумотларига кўра, битта ўртача катталикдаги дарахтдан 11,855 дона А4 форматидаги қоғоз ҳосил бўлади. Демак, мустақил ишларга сарфланадиган 23,077,60 дона қоғозни тайёрлаш учун 1946та дарахт талаб этилади. Бу фақатгина бир ўқув семестрига кетадиган харажат. Устига-устак, ҳар бири 20-30 бет келадиган курс ишлари ва ҳар бири 60 бетдан кам бўлмаган диплом ишларини, ўқитувчилар томонидан юритиладиган ҳужжатларни ҳисоблаганимиз йўқ.

Хорижда талабалар ўқитувчиларнинг топшириғини электрон форматда тайёрлаб, электрон почта орқали жўнатишади. Биз эса ҳали «техникага ишонч йўқ» фикридан нари кетолмаяпмиз чоғи. Ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам қабул қилинаётган мустақил ишлар беҳуда макулатурадан бошқа нарса эмаслигини, аммо «юқоридан келганлар» қоғоз талаб қилишини таъкидлайди.

Анъанавий қоғозбозлик усулидан электрон форматга ўтиш вақти келгандир?! Ҳар ҳолда, шусиз ҳам анча-мунча дарахтларни каллаклаб, табиатга етарлича зарар етказяпмиз...

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид