Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев 4та туман ҳокими томонидан ўтмишга оид қарорлар қабул қилинганига эътибор қаратди.

E-qaror порталидаги ахборотлардан аён бўлишича:

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов 5 октябрдаги қарори билан Халқ депутатлари туман кенгашининг мажлисини 4 октябр кунига чақирган.

Сурхондарёнинг Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев 13 октябрда қарор чиқариб, депутатлар мажлисини 11 октябрга чақирган.

Андижоннинг Бўстон тумани ҳокими в.б. С.Носирова эса 13 октябрда қарор чиқариб, 9 октябрга депутатлар мажлисини чақирган.

Сурхондарёнинг Термиз тумани ҳокими Ш.Ўринов 25 октябрдаги қарори билан 21 октябр санасига мажлис чақирган.

“Ўзбекистонда илм-фан ривожланмаган дейишади. Бўлмаган гап! Мана, айрим ҳудудларда вақтни орқага қайтарувчи машина ихтиро қилишибди. Натижада ҳокимлар ўтмишга оид қарорлар қабул қилишмоқда.

Ҳокимлар барака топишсин, илм-фанда бундан ҳам катта ютуқларга эришишига тилакдошман”, – дея киноя қилган Хушнудбек Худойбердиев.