17:50 / 18.06.2019
6441

Иштихонда юзлаб спортчи ёшлар тақдирланди

Туман ёшлари учун спортнинг миллий кураш, оғир атлетика, мини футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат турлари бўйича мусобақалар уюштирилди.

Мазкур мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” ижроси юзасидан ташкил этилди. Асосий ташаббускорлар – Иштихон туман ҳокимлиги, прокуратураси, халқ таълими бўлими, жисмоний тарбия ва спорт бўлими, ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва ХДП Самарқанд вилоят кенгаши тадбирларни сифатли ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилишди.

Бугунги каби тадбирлар ёшлар учун нафақат спорт тарғиботи ва қизиқтириш, шу билан бирга ёшларда дўстлик, аҳиллик, мақсад сари интилиш каби кўникмаларини шакллантиради, – дейди Иштихон туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Аҳмад Ҳасанов. “Беш ташаббус – беш имкон” номли ёшлар форуми доирасидаги мазкур мусобақаларни “Эзгу ғоядан – эзгу мақсад сари” шиори остида ўтказдик.  Дарвоқе, бугунги тадбир давомида биз туманимиздан қатор янги истеъдодли спортчиларни кашф этганимиз энг катта ютуғимиз бўлди. Бу каби мусобақалар истеъдодларни юзага чиқариши билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Куй-қўшиқлар билан, тантанали тарзда ўтказилган баҳсларда 550 дан ортиқ иштихонлик ёшлар иштирок этди. Биргина мини футбол бўйича (ўғиллар)   ҳудуд биринчилиги мусобақасида туманнинг 2-секторидан 14 та жамоа иштирок этди.

Мусобақалар сўнгида барча йўналишлар бўйича кучлилар, ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан I, II, III даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ёшларни қутлаш учун Республика жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари ҳам ташриф буюрди.

Top