20:20 / 24.06.2019
11774

Транспорт вазири ўринбосари: «Юк ташувчи машиналар оғирлашмоқда, мавжуд йўллар эса бунга мослашмаган»

Миллий юк ташувчиларнинг рақобатбардошлигини, уларнинг тизимдаги улушини ошириш Транспорт вазирлигининг юк ташиш масаласидаги ҳал қилиниши керак бўлган ишларидан биридир. Бу ҳақида Транспорт вазирлиги масъуллари иштирокида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда сўз борди.

«Бевосита мавзуга алоқадор бўлгани учун айтиш жоизки, бугун йўл сифати бўйича фуқаролардан жуда кўп шикоятлар тушяпти. Эътирозларнинг битта сабаби ишлаб чиқарилаётган юк ташувчи машиналарнинг ҳажми ортиб боряпти, бироқ қурилаётган йўлларимиз бундай вазнга мослашмаган», дея Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига кўра, бу масаланинг ечими сифатида транспорт воситаларининг оғирлик ва габарит параметрларини аниқлаш учун автоматлаштирилган оғирлик ва габарит стационар ва кўчма шохобчаларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

«Йўл қурилишини амалга оширишда ўзига хос методлар ҳам муҳим ҳисобланади. Масалан, бугунги кунни оладиган, бўлсак, 24 соатда 2 хил температурани кузатиш мумкин. Ярим тун ва кундузнинг ўртасида 10-15 даража фарқ бор. Қиш ойларида эса кундузи плюс, кечаси минус температура кузатилади. Буларнинг ҳаммасига мос илмий ёндашув билан иқлими ўхшаш давлатлар, масалан, Жанубий Корея ёки қўшни мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, меъёрий стандартларимизни ишлаб чиқишимиз зарур», дея қурилишнинг назарий томонлари ҳақида ҳам маълумот берди Илҳом Маҳкамов.

Шунингдек, унинг фикрича, давлат бюджети ажратган пуллар билан автомобиль йўлларини бутунлай қуриш ёки таъмирлашнинг иложи йўқ. Бу борада ҳам халқаро молия институтларининг маблағи зарур.

Top