16:25 / 25.06.2019
10459

Тошкентдаги МТМларнинг 8 нафар мудири ишдан бўшатилди, 6 нафарига ҳайфсан эълон қилинди

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

2019 йилнинг февраль-март ойлари давомида Мактабгача таълим вазирлиги Миробод, Мирзо-Улуғбек, Чилонзор ва Учтепа туманларидаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти мониторингини ўтказди. Мазкур мониторинг натижаларига кўра, МТМларнинг 8 нафар мудири ишдан бўшатилди, 6 нафарига ҳайфсан эълон қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот берилишича, мониторинг доирасида МТМ мудирлари, тарбиячилари, тарбиячи ёрдамчилари, тиббиёт ходимлари, ошхона ходимлари ва техник ходимлар фаолияти ўрганилди. Тадбирлар Мактабгача таълим вазирлиги ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мутахассисларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳи томонидан ўтказилди. 

Бунда намунавий ва ихтисослаштирилган МТМ фаолиятида қоидабузарликлар аниқланиб, ҳолатга тузатиш киритиш учун қуйидаги ҳаракатлар мажмуи ишлаб чиқилди.

а) Рўйхатда бўлмаган болаларнинг МТМларга боришига чек қўйиш - ихтисослаштирилган МТМларда, хусусан, муассаса ходимларига қариндош бўлган ҳамда ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлмаган йўлланмаларсиз болалар мавжудлиги аниқланди.

б) Болаларни ИМТМга йўналтириш учун психологик-тиббий-педагогик комиссия (ПТПК) томонидан берилган хулосаларни инвентарлаш. Психологик-тиббий-педагогик комиссия таркибига мактабгача таълимнинг туман бўлими ходимлари ва поликлиника шифокорлари киради. 

Ишчи гуруҳи томонидан қуйидагилар аниқланди:

- ПТПК ходимлари сони ва таркибига қўйилган талабларга риоя этмаслик: 7 нафар ўрнига 5 нафар аъзо, кўрикда соҳа мутахассисларининг мавжуд эмаслиги;

- ҳужжатларни расмийлаштиришда қоидабузишлар: комиссия аъзолари имзолари ва муҳрлари тўлиқ тарзда йиғилмаслиги.

в) соғлом болалар ИМТМга қатнаши амалиётига барҳам бериш.

МТВ томонидан ИМТМлар мониторинги амалга оширилганда кўп ташхислар тасдиқланмади: 32-сонли ИМТМда 94 фоиз тарбияланувчилар (навбатда эса 70 нафар болалар турибди), 60-сонли ИМТМда - 93 фоиз, 604-сонли ИМТМда - 72 фоиз, 422-сонли ИМТМда - 88 фоиз, 137-сонли ИМТМда 77,4 фоиз тарбияланувчилар соғломдир.

г) ошхона ходимларига ёзма огоҳлантириш бериш.

МТВ ишчи гуруҳи томонидан озиқ-овқат тайёрлаш технологиясини бузиш (489-сонли, 398-сонли МТМ) ва маҳсулотларни сақлашга хос талабларни бажармаслик (66-сонли, 521-сонли МТМ) ҳолатлари аниқланди.

д) тарбиячилар билан ҳужжатларни юритиш ва таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш.

Мониторинг давомида табель ва молиявий ҳужжатларни ёзувларни ўчириш имконини берувчи махсус ручка орқали тўлдириш, шунингдек ИМТМда болалар тиббий картасини бетартиб юритиш ёхуд ушбу карталарнинг умуман мавжуд эмаслиги ҳолатлари қайд этилди.

Ўқув материаллари ва ўйинчоқлар айрим гуруҳларда болалар бўйи етмайдиган жойларга қўйилиб, болалар улардан фойдалана олмаган. Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан бепул олинган ривожлантирувчи босма материаллар барча гуруҳларга ҳам тарқатилмаган.  

«Ҳар бир мониторинг якунларига кўра Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ҳолатларга тузатиш киритиш ва мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда. МТВ томонидан қўлланиладиган энг юқори жазо чораси – “ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузганлиги” моддаси бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ўғирлик ҳолатлари аниқланганда МТВ аудит бўлими тегишли маълумотни текширув ўтказилиши учун прокуратурага топширади. Айрим ҳолларда мониторинг натижалари дарҳол эълон қилинмайди, чунки ҳужжатларни расмийлаштириш, таклиф этилган чораларни тасдиқлаш ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш жараёни маълум вақт талаб этади. Масалан, ўтган февраль ва март ойларида ўтказилган мониторинг натижаларини яқиндагина якунига етказдик, чунки айрим мудиралар касаллик варақалари расмийлаштириб, шу тариқа ишдан бўшатилишига қаршилик билдириб келдилар», - деб таъкидлади МТВнинг кадрлар бўлими бошлиғи Абдукаҳҳор Юсупов.

Top