Жамият | 17:40 / 25.06.2019
52138
11 дақиқада ўқилади

Зоминда 103 нафар тиббий ходимга огоҳлантириш хати берилган. Қисқартириш сабаби нима?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Миромон Мирзиёев номли тиббиёт бирлашмасининг ўттиз ходими ишдан бўшатилаётганига норозилик билдирди» сарлавҳали хабар тарқалди.

Унда Жиззах вилояти Зомин туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам шохобчаларида ишлайдиган 30 нафардан ортиқ ҳамшира, дори тахловчи, кичик тиббий ходим ва диспетчерлар 18 июнь куни туман Халқ қабулхонасига бориб, ишдан ноқонуний бўшатилаётганига қарши норозилик билдиргани, тиббиёт бирлашмасидаги раҳбарлардан пора орқали ўзлари ишга олган ходимлар кўп вақт ўтмай (олти ой) штат қисқаргани туфайли меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати олгани айтилган.

Туман тиббиёт бирлашмасида аслида ҳам ёппасига штат қисқарганини баҳона қилиб 100 нафардан зиёд тиббий хизмат ходимларига огоҳлантириш хатлари берилганмиди? Ходимларга огоҳлантириш хатлари қандай асосларга кўра берилган эди?

«Мақолада 2019 йилнинг 18 июнь куни туман «Халқ қабулхонаси»га тиббиёт бирлашмасининг ўттиз нафар ходими норозилик намойиши қилиб келган, деб ёзилган экан. Ўша куни ўттиз нафар эмас балки, меҳнат шартномаси бекор бўлаётганидан норози бўлган 6 нафар ходим шикоят қилиб келган эди. Биз мурожаатчилар билан суҳбатлашдик. Уларнинг эътирозини ёзма равишда қабул қилдик. Тўрт нафар ходим ариза билан мурожаат қилишни хоҳламай чиқиб кетди. Биз тегишли тартибда икки нафар ходимнинг мурожаатини расмийлаштириб, Зомин тумани прокуратурасига йўлладик. Айни дамда суриштирув ишлари бошланган», — дейди туман «Халқ қабулхонаси» бош мутахассиси Бозорбой Бойбўтаев.

Туман тиббиёт бирлашмасида меҳнат шартномаси бекор қилинаётгани ҳақида огоҳлантириш хати олган кичик тиббий ходим Ҳилола Кубаева билан суҳбатлашганимизда май ойидан бошлаб компенсация тўлови олаётганини, охирги иш куни 20 июлгачалиги, лекин ҳалиям умиди сўнмаганини билдирди.

«18 июнь куни ишда эдим. Ишдан бўшатилаётган ходимлар Зомин тумани марказидаги «Халқ қабулхонаси»га бориб, мени ҳам чақиришди. Бир амаллаб етиб бордим. У ерда мен қатори огоҳлантириш хатларини олган 6 нафар ишчи бор экан. У ерда 30 нафар ходим норозилик намойиши уюштирмаган эди. Мен борганда тўрт нафар ходим фикридан қайтиб кетиб қолди. Ўша куни мурожаат қилиб бормагандим. Фақатгина ишчиларимиз «келинг, биз сизга ишониб мурожаат қиляпмиз», дейишгани учун боргандим.

Лекин мурожаатчиларнинг кўпчилиги ўз фикридан қайтди. Мен уларни тушунаман. Тиббиёт бирлашмасидаги бир гуруҳ вакиллар уйма-уй юриб, арз қилмоқчи бўлган ходимларимизнинг оиласига босим ўтказиб, фикридан қайтаришга ундашган.

Менинг турмуш ўртоғим касаллик туфайли оламдан ўтган. Уч нафар фарзандим бор. Боқувчиси йўқ оиламиз. Қайнотам билан бир ҳовлида истиқомат қиламиз. Мен ҳеч кимга пора бериб ишга ўтмаганман. Бу ҳақиқат. Туман «Халқ қабулхонаси»га мурожаат қилганимда улар менга шу ишни таклиф қилишган. Улардан миннатдорман. Биласизми, менга айни дамда иш жойим жуда маъқул, ўзимизнинг ҳудудда жойлашган. Ҳафтада икки кун навбатчиликда тураман. Қолган кунлари кунлик иш ҳақи тўланадиган мавсумий ишларда ишлайман. Фарзандларим ҳам ёнимда. Тўрт йил иш тополмай сарсон бўлганман. Ҳали ишлаётганимга олти ой тўлгани йўқ. Нега биз билан меҳнат шартномасини бекор қилишаётганига тушунмай қолдим. Бу ишга бекорга киришмадим. Фикримча, бу ерда қандайдир «ўйин» бор.

Бундай дейишимга асос бор. Жорий йилнинг май ойида туманимизда сайёр қабул бўлди. Тошкентдан катталар келишди, дейишди. Мен ҳам бордим. Менга қўшилиб компенсация пулини олиб, ишдан бўшаганлар ҳам боришди. Ўша пайтда туман тиббиёт бирлашмасидаги раҳбарлар сайёр қабулга киришимизга қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Ўшанда кўнглимда шубҳа уйғонди. Қаршиликларга қарамай мен қабулга кирдим. Мурожаатимни айтганимда улар менга «Қани ўша 103 нафар ходим? Биз сизнинг бир оғиз гапингизга ишонолмаймиз. Келишсин улар ҳам дейишди». Ўшанда яккаланиб қолганимни ҳис қилсам-да, фикримдан қайтмасликка ўзимга сўз бергандим», — дейди Ҳилола Кубаева.

Ҳилола Кубаева қўлида шикоятчиларнинг хоҳиши билан ёзиб олинган видеолавҳа борлигини, аммо у бу лавҳаларни ошкор этолмаслигини, ходимлар норозилигидан сўнг бирлашма кадрлар бўлими бошлиғи, катта ҳамшира ва бошқа ходимлар шикоят билан чиққан ҳар бир ходимнинг уйига бориб, даъволаридан воз кечишини талаб қилгани, шу боис бу видеолавҳалар уларнинг оиласига зарар етказиши мумкинлигини билдириб ўтди.

Исми сир қолишини истаган шифокорлардан бири биз билан суҳбатда агар ҳақиқатан ҳам холис комиссия тузилиб тиббиёт бирлашмаси текшириб чиқилса, кўп ўйинлар юзага чиқиб, тиббиёт бирлашмаси ошхонасидаги ўғирликлар, маблағ билан боғлиқ турли ноқонуний ҳаракатлар, дори-дармон таъминотидаги камчиликлар ва энг муҳими — шифокорлар штатининг ўзбошимчалик билан қисқартирилиб, натижада ишлаб турган шифокорларга икки баравар иш юкланаётгани аниқланишини айтиб ўтди.

Зомин тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Рустам Ибрагимов вазиятга изоҳ берди.

«Ходимларнинг ишдан бўшатилиши тўғрисида ҳақиқатан ҳам май ойида огоҳлантириш хати берганмиз. Афсуски, бунга ҳеч қандай асосимиз йўқ. Гап шундаки, бизга Жиззах вилоят Молия бошқармасидан шундай кўрсатма бўлган. Энг қизиғи, ўтган йилнинг декабрь ойида ишга олинган 103 нафар ходимнинг ҳаммаси учун 2019 йил декабрь ойигача иш ҳақлари молиялаштирилган. Биз уларга тушунтирганмиз, огоҳлантириш хатини ҳам шунчаки ишчилар шошиб қолмаслиги учун бериб чиққан эдик. Шунда ҳам уларга «сизнинг масалангиз июль ойида ҳал бўлади», деб тушунтирган эдик.

Уларнинг қабулхонага боргани шошмашошарлик бўлди. Ходимларимиз кимларнингдир ёлғон гапига учиб шундай қилишган, аслида уларнинг ҳеч бири билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган. Ходимларнинг барчаси ойлик маошини олиб ишлаб юрибди. Энг қизиғи, «пора бериб ишга кирганмиз», дея даъво қилаётган кўпчилик ходимлар танлов асосида тегишли тартибда иш билан таъминланган. Бу ҳақда комиссия хулосалари ҳам бор. Менга қолса барча ходимлар ўз ўрнида ишлагани маъқул, лекин молия бошқармаси нега бундай топшириқ берганига ҳайронман. Шошилинч тез ёрдам шохобчалари ишлаб тургани маъқул», дейди у.

Навбатдаги саволларимизга Жиззах вилояти молия бошқармаси «Соғлиқни сақлаш муассасаларини молиялаштириш бўлими» бошлиғи Акбар Раҳматуллаев жавоб берди.

«2017 йилнинг март ойида «Ўзбекистон республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2857-сонли қарори чиққан эди. Шу қарорга кўра, жойлардаги ҚВПлар қисқартирилиб, ўрнига тез тиббий ёрдам таянч пунктлари ташкил этилиши лозим эди. Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида 166та ҚВП бўлса, улардан 88таси тугатилган ва вилоятда 23та ана шундай тез тиббий таянч пунктлари ташкил этилган. Айнан республика раҳбари қарорга асосан 2018 йил май ойида штатлар бўйича норматив ҳужжат ҳам қабул қилинган. Зомин тумани тиббиёт бирлашмасидаги бош шифокор ва иқтисодчиларнинг норматив ҳужжатда кўрсатилган штат жадвали бўйича эмас. Тушунмовчилик оқибатида 103 нафар ходимни асоссиз ишга қабул килишган. Бир сўз билан айтганда, ҳужжатда кичик станцияларга олиниши керак булган ходимлар таянч пунктларига ишга олинган, аслида таянч пунктларига бу штатлар ажратилмаган. Тез тиббий ёрдам кичик станциялари аҳолиси 100 мингдан ошган ҳудудларда ташкил этилади, агар Зомин туманида 160 минг аҳоли бўлса, демак бу туманга битта тез тиббий ёрдам кичик станцияси тўғри келади. Тиббиёт бирлашмасидаги хатолик туфайли бугун ўнлаб таянч пунктларига аслида кичик станцияларга олиниши лозим бўлган ходимлар ишга қабул қилинган. Биз уларнинг бу хатоларини вақтида аниқлаб, тушунтириш бердик. Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам хат билан чиқдик.

Хатолик туфайли олинган ошиқча штат давлатни ўмариш билан тенг эмасми? Бу ҳолат тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг хатоси туфайли юзага келган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, айни дамда бир ишчининг меҳнат шартномасини асоссиз бекор қилиш учун керакли қонуний ҳужжат асос тақдим этишингиз керак. Бу ерда 103 нафар ходимнинг тақдири турибди. Биз ҳам бу муаммо ҳақида ўйладик. Бизга вилоятимиздаги бошқа туманлар у қадар муаммо туғдирмади. Тиббиёт бирлашмаларидаги раҳбарият билан келишган ҳолда бўш турган штатларга ишчиларни йўналтирдик, аммо Зомин туманида бирорта бўш штатнинг ўзи йўқ. Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади дейишади. Бу ҳолат бугун бўлмаса эртага текширишларда албатта юзага чиқарди. Уларга ҳар қанча тушунтиришга ҳаракат қилмайлик вазият шу даражага етиб келди», дейди у.

Ўрганишларимиз натижасида билганимиз шуки, Зомин туманидаги тиббиёт бирлашмасида ҳақиқатдан ҳам 103 нафар ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш хатлари берилган. Ишга қабул қилинганига кўп вақт бўлмаган ходимларнинг бундай муаммоли вазиятга тушиши Зомин туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг қўпол хатоси туфайли юзага келган.

Умид қиламизки, Ҳилола Кубаева каби мурожаатчиларга «нега журналистга арз қиласан, масалани шу ерда ҳам ҳал қилардик, журналист сенга ҳеч нарса қилиб бера олмайди», дея пўписа қилаётганлар вазиятга адолат билан ёндашиб керакли чораларни кўришади.

Ҳилола Кубаева эса июль ойининг йигирманчи санасини кутмоқда.

Умид қиламизки, тез кунларда Зомин тумани тиббиёт бирлашмасида рўй бераётган бу каби «тушунмовчиликлар»га аниқлик киритилади.

Гулчеҳра ШАРИПОВА,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид