20:23 / 26.06.2019
17646

Нарпайнинг муаммолар гирдобида қолган мактабгача таълим тизими ва зиддиятларга сабаб бўлаётган носоғлом муҳити

Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Нарпай туманидан мактабгача таълим тизимидаги муаммолар, мактабгача таълим муассасаларидаги камчиликлар ва бошқа бир қатор эътирозлар билдирилган мурожаат келди.

Мурожаатда айтилган масалаларни ўрганиш мақсадида Нарпай туманида бўлдик ва айрим мактабгача таълим муассасаларидаги ҳолат билан танишдик.

Тумандаги 35-мактабгача таълим муассасасидаги ҳолатни кузатар эканмиз, бу ерда озодаликка етарлича эътибор берилмаганига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, ошхона антисанитар ҳолатда. Болаларга тарқатиладиган маҳсулотлар ҳам талаб даражасида сақланмаяпти.

Ушбу муассасадаги тарбиячилар ва ошпаз ҳам махсус либослар киймаганди.

Муассаса мудираси Нодира Эргашевани бино ҳудудида учратолмадик. Ҳамшира Дилноза Худоёровадан эса ушбу ҳолатлар юзасидан етарлича изоҳ ололмадик.

Мурожаатда билдирилган эътирозлар асосида навбатдаги мактабгача таълим муассасасига йўл олдик.

8-мактабгача таълим муассасаси авария ҳолатида бўлгани туфайли мактаб биносига кўчирилган экан. Муассаса мудираси Дилбар Шамсиева бизни кутиб олган хона ҳам мудира, ҳам ҳамшира учун, қолаверса, болаларга спорт хонаси сифатида ҳам хизмат қилар экан.

Болаларга тайёрланадиган таомлар маҳсулотлари муассасанинг эски биносида сақланар экан. Аммо антисанитар ҳолатда. Бу жой турли эски жиҳозлар учун омбор вазифасини ҳам ўтар экан.

Муассаса мудираси бу каби тартибсизликни бошқа жой йўқлиги билан изоҳлади ва шароитлар етарли эмаслиги, бор имкониятдан фойдаланиб фаолият юритаётгани, муассасанинг эски биноси таъмирланиши тегишли дастурга киритилмаётганини айтиб ўтди.

Шундан сўнг 62-мактабгача таълим муассасида бўлдик.

Бу муассасадаги абгор ҳолат, тартибсизлик ва озодалик аҳволига маймунлар йиғласа бўлар экан.

Муассаса ошхонасида антисанитария ҳолати ҳукмрон. Озодаликка умуман эътибор берилмаган. Бунга қуйидаги суратларда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Ушбу муассаса мудираси Ш.Қаршиевани топишнинг имкони бўлмади. Ҳамширанинг билдиришича, муассасада 40 нафар тарбияланувчи бор. Демак, белгиланган меъёрга кўра, таомларга 4 килограмм гўшт солиниши зарур. Таомлардаги гўшт миқдорини кўрганимизда у ҳаттто 0,5 килограмм ҳам чиқмаслигига гувоҳ бўлдик.

Бундан кўриниб турибдики, бу муассасада нафақат тартибсизлик, балки болалар ризқидан ўғирлаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бу борада мутасаддилар тегишли чоралар кўриши лозим.

Болалар учун тайёрланадиган таомларнинг сақланиш ҳолатини кўздан кечириш истагини билдирганимизда, муассаса ҳамшираси Х.Қаршиева омборхона калитини топиш баҳонасида бизга қайтиб қорасини кўрсатмади. Уни муассасада қайтиб кўришнинг имкони бўлмади.

Таҳририятга юборилган мурожаатда туман мактабгача таълим бўлимида гуруҳбозлик, бўлим мудираси томонидан муассасалар мудираларидан турли баҳоналар билан пул йиғилиши, айрим мактабгача таълим муассасалари мудирлари олий маълумотга ҳам эга эмаслиги, умуман тизимда носоғлом муҳит юзага келгани ҳам келтириб ўтилган.

Туман мактабгача таълим бўлими мудираси томонидан пул йиғилиши ҳолати юзасидан айрим муассасалар мудираларидан изоҳ сўрадик. Очиғи, бу ҳолатни рад этгани ҳам, тасдиқлагани ҳам бўлди.

Мурожаатдаги эътирозлар ва ўзимиз гувоҳ бўлган юқоридаги ҳолатлар юзасидан Нарпай тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Асқаржон Рустамов ва туман мактабгача таълим бўлими мудираси Сожида Усмонова билан суҳбатлашдик.

Дастлаб А.Рустамов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Тизимдаги мавжуд муаммолар туманда босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Туман мактабгача таълим бўлимида юзага келган носоғлом муҳит ҳақида гапирадиган бўлса, ҳақиқатан ҳам бўлимдаги айрим ходимлар ва айрим муассасалар мудиралари бўлим мудираси билан зиддиятга келиб қолган. Шунинг учун турли шикоят-у ёзишмалар бўлмоқда. Бу мактабгача таълим бўлими мудирасининг қаттиққўллиги ва уларнинг баъзи таклифларини қабул қилмагани туфайли юзага келган. Бу ҳолатлар ҳам тезда бартараф этилади», — дейди туман ҳокими ўринбосари.

Сўнгра мурожаатдаги эътирозлар бўйича туман мактабгача таълим муассасаси раҳбари Сожида Усмонова изоҳ берди.

«Тан олиб айтиш керак, айрим мактабгача таълим муассасаларида олий маълумотга эга бўлмаган мудиралар ишлаёгани рост. Бу кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ. Тўғри, барча мудиралар олий маълумотли бўлиши керак, аммо биз вақтинча шундай йўл тутишга мажбурмиз. Муассасалардаги маҳсулотлардан уриб қолиш, ўғирлаш ҳолатлари учраётгани ҳам рост. Ҳануз бу муаммога барҳам беролмаяпмиз. Бу борада ҳам тегишли ишларни амалга оширамиз. Мен ва бўлимдаги айрим ходимлар ўртасидаги зиддиятга келадиган бўлсак, ҳозир улар хатосини тушуниб мендан узр сўрашган. Айрим муассасалар мудираларининг баъзи талабларини бажармаганим ва мукофот пуллари бермаганим учун улар билан зиддият юзага келган. Турли баҳоналар билан пул йиғади, деган гап туҳмат», – дейди Усмонова.

Биз бу ҳолат юзасидан Усмоновага айрим фактларни келтириб ўтганимиздан кейин баъзи ҳолатларни айтиб ўтди.

«Сиз келтириб ўтган фактлар бу тумандаги болалар ёзги оромгоҳи билан боғлиқ. Оромгоҳ мавсумга тайёрлаш учун туман ҳокими томонидан ташкилотларга бўлиб берилган. Мактабгача таълим бўлимига ҳам бир-иккита хона берилган. Аммо ҳоким мажбурлаб пул йиғилсин, деб топшириқ бермаган. Биз муассасалар мудираларига бу ҳашар йўли билан қилиниши ва ихтиёрийлигини айтганмиз. Сиз келтирган факт ва аудиоёзувдаги овоз бўлимимизда ишлайдиган Собир ака исмли кишига тегишли. У киши «ҳокимнинг топшириғи бу» деб, мудиралардан пул сўраганини аудиоёзувдан эшитдим, аммо бу ҳоким топшириғи эмас. Юқорида таъкидлаганимдек, бу ихтиёрий эди», — дейди С.Усмонова.

Ўрганишлардан кўриниб турибдики, мурожаатда келтирилган эътирозларнинг асосий қисми ўз исботини топди.

Биринчидан, ҳақиқатдан ҳам мактабгача таълим муассасаларида муаммолар етарлича.

Иккинчидан, тумандаги мактабгача таълим тизимида умуман носоғлом муҳит шаклланган. Бу мактабгача таълим бўлими раҳбари ва бўлим ходимлари, муассасалар мудиралари ўртасидаги зиддиятда ҳам кўриниб турибди.

Учинчидан, айрим муассасаларда олий маълумотга эга бўлмаган мудиралар фаолият юритмоқда. Бунга туман мактабгача таълим бўлими раҳбари кадрлар етишмовчилиги муаммосини важ қилиб келтирди.

Тўртинчидан, туман ҳокими болалар ёзги оромгоҳини мавсумга тайёрлаш учун туман ташкилотлари, жумладан, мактабгача таълим бўлимига ҳам иккита хонани таъмирлашни юклаган экан, хўш, улар қайси маблағ ҳисобидан бу ишни амалга оширади? Ҳар ҳолда, ўз ҳисобидан бўлмаса керак. Мактабгача таълим бўлими мудираси таъкидлаганидек, ихтиёрийми, мажбурийми, ҳар ҳолда бунинг учун муассаса мудираларидан пул сўралгани рост. Қўлимиздаги аудиоёзувда туман мактабгача таълим муассасаси масъул ходими «ҳокими топшириғи бу», дея таъкидлаган.

Демак, яна таълим тизимидаги ходимларнинг турли ишларга балогардон бўлаётгани ҳолатларига ҳали барҳам берилмаган кўринади.

Kun.uz тумандаги юқоридаги ҳолатлар юзасидан вилоят ва туман мутасаддилари тегишли чораларни кўриши, тумандаги мактабгача таълим тизимидаги носоғлом муҳитга барҳам беришига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top