20:32 / 28.06.2019
4002

Фейк хабарлардан ҳимояланиш учун қонун ҳужжати зарурми?

Фейк ахборотлар жамият хавфсизлигига қанчалик таҳдид солади? Фейкларга қарши қонун механизмларини ишлаб чиқиш керакми? Бу хусусида Адлия вазирлигининг «Медиа саводхонлик ва fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси» мавзусидаги семинарида сўз борди.

Фейк ─ (инг. тилидан) сохта, қалбаки деган маъноларни англатади. Ҳақиқатга жуда ўхшаб кетадиган ёлғон хабарлар, махсус дастурлар орқали ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеороликлар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар (одатда машҳур инсонлар) номидан очилган ёлғон аккаунтлар фейкларга мисол бўла олади.

Семинарда таъкидланишича, фейк тушунчасининг пайдо бўлганига ҳали кўп бўлгани йўқ, лекин ёлғон, сохта ахборот жамият учун хавф туғдиради. Мисол учун, 1993 йили Руандадаги геноцид айнан маҳаллий радио орқали тарқатилган ёлғон хабар ортидан бошланган. 2018 йили Ҳиндистонда WhatsApp мессенжери орқали тарқатилган фейк суратлар сабабли 25 киши омма томонидан ўлдирилган.

Шу нуқтаи назардан, оммавий ахборот воситаларининг сони ва ранг-баранглиги ортиб бораётган, очиқ платформа ҳисобланган ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг сони ошиб бораётган бир пайтда фейкларга қарши қонун ҳужжати зарурати муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари Илҳом Абдуллаевнинг таъкидлашича, фейк ахборотларнинг тарқалишини назорат қилиш, бунинг учун жавобгарлик, сохта ахборотнинг профессионаллар эмас, фуқаролар томонидан тарқатилишидаги ҳолатлар қонунда аниқ кўрсатилиши лозим. 

«Ўзини профессионал деб ҳисоблайдиган журналистлар узатаётган ҳар бир ахборотининг аниқлиги ва ҳаққонийлигини текшириши лозим. Бу «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида» ги қонунда ҳам кўрсатилган.Фейк ахборот муайян бир шахсга йўналтирилган бўлса, у одам судга даъво қилиши, ўз номини оқлаб олиши мумкин. Лекин фейк бутун бошли бир қатламнинг шаънини булғайдиган, тартибсизлик келтириб чиқарадиган хабар бўлса-чи? Улар учун адолатни ким қарор топтиради?» ─ дея таъкидлайди Абдуллаев.

Тадбир давомида таъкидланишича, фейкларга қарши қонуний кураш амалиёти бир қанча хорижий давлатларда ҳам мавжуд. Хусусан, 2018 йилда Малайзияда сохта ва ёлғон ахборотнинг муаллифи, шунингдек, бу ахборотни тарқатган, репост қилганларга ҳам қарши жазо қўллаш ҳақида қонун қабул қилинган. Кенияда фейк хабарларни тарқатиш жиноят билан тенглаштирилган. Қатарда 2014 йилда қабул қилинган қонунга асосан давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид қилувчи сохта ахборотларни тарқатиш ҳолатларига 3 йиллик қамоқ жазоси ёки 137 минг АҚш доллари миқдорида жарима белгиланган. Францияда ҳам сайлов ва сайловолди кампанияси даврида фейк ахборотни тарқатишни тақиқловчи қонун ҳужжати ишлайди. Германия Парламенти қабул қилган қонунга кўра, 2 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган ижтимоий тармоқлар контентда пайдо бўлган сохта ахборотни бир сутка ичида ўчириб ташлаши шарт.

Журналист Никита Макаренконинг фикрича, фейкларга бир томонлама ёндашмаслик керак. 

«Фейк аслида «тарғибот»  деб номланган катта бир бўрининг «думчаси»,  холос. Бу бўрининг бошқа аъзолари ҳам борлигини назардан қочирмаслик керак. Ёлғон ёхуд ўзгартирилган ахборотни тарғибот қилиш фейкдан ҳам кўра хавфлироқ. Ваҳоланки, ЎзА, «Ўзбекистон24»  айнан шу иш билан шуғулланяпти. Одамларга ёлғон ахборотга ишонмасликни, қабул қилинаётган маълумотга танқидий кўз билан қарай олишни тушунтириш лозим», ─ дейди Макаренко.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра,аҳолининг 41 фоизи ўқиган маълумотини текшириб, кейин унга ишонади, 31 фоизи қабул қилинган ахборотни текширмайди, 19 фоизи эса баъзи ҳолатлардагина ахборотни бошқа манбалар билан солиштиради.

Top