Иқтисодиёт | 14:30 / 28.06.2019
25521
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк: Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 20 млрд долларга яқинлашди

Марказий банк 2019 йилнинг I чораги учун Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзини эълон қилди.

Умумий қарзнинг 11,7 миллиард доллари давлат, 7,3 миллиард доллари эса хусусий қарзлардан ташкил топган. Давлат ташқи қарзи давлат томонидан жалб қилинган қарз ва давлат кафолати остида олинган қарздан иборат. Хусусий ташқи қарз хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан давлат корхоналарининг, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарзидан иборат.

2017—2018 йилларда хусусий сектор қарздорлигининг қисқартириши кузатилган эди. 2019 йил биринчи чорагидан эса банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектори корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 121,3 миллион долларга ошди. Қарздорликнинг ўсиши асосан давлат секторига (1,7 миллиард доллар), шундан 1 миллиард доллари халқаро облигацияларга тўғри келди.

2019 йилнинг биринчи чорагида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 361,3 миллион доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар томонидан — 326,7 миллион доллар, тўқимачилик сектори корхоналари томонидан — 4,7 миллион доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан — 29,8 миллион доллар амалга оширилди.

Бундан аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 17,3 миллиард долларга етгани ҳақида хабар қилинган эди.

Мавзуга оид