Жамият | 11:21 / 01.07.2019
9330
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги хиёбонларда Миллий гвардия томонидан ўрнатилган жавонлардан китобларни ўғирлаб кетишди

Zarnews.uz телеграм каналининг «Кун фотоси» рукнида «Мана, бир неча кун ўтган бўлса-да, Самарқанд шаҳридаги Кўксарой хиёбонига ўрнатилган китоб жавони ҳали ҳам бўм-бўш. Мазкур жавон нима мақсадда қўйилган?» деб савол берилган эди.

Хиёбонда бўм-бўш турган китоб жавони юзасидан Миллий гвардия вилоят бўлими изоҳ берган:

«Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари президент томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг 4-йўналиши ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 2019 йил 26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдони ва Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудига китоб жавонлари ўрнатган. Ушбу китоб жавонларига турли хил бадиий китоблар қўйилган. Бундан кўзланган мақсад — ёшлар бўш вақтида жавонда турган китобларни олиб ўқиб, яна жойига қўйиб кетиши керак бўлган».

Бироқ, китобни ўқиш учун олган муштарийларнинг бирортаси уни жойига қайтармаган.

«Аммо бугунги кунгача ҳамшаҳарларимиз томонидан жавондаги китоблар олиб кетилган ва қайтарилмаган. Кўксарой майдонидаги жавонга икки марта, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудидаги жавонга эса уч марта 200 га яқин китоб қўйилган. Китобларни ўғирлатмаслик мақсадида келгусида мазкур жавонларга тўлиқ видео кузатув ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган».

Миллий гвардия фуқароларга мурожаат билан чиққан:

«Ҳурматли фуқаролар! Ушбу жавонлардаги китоблар уйда ўқиш учун эмас, балки хиёбоннинг ўзида — китоб жавони ёнидаги ўриндиқларда ўтириб, ўқиб бўлгач яна жойига қайтариб қўйиш учун қўйилган. Зеро, сиздан бошқа фуқаролар ҳам бундай китобларни ўқиш иштиёқида юрганини унутманг». 

Мавзуга оид