Тошкент шаҳри яқинидаги АЁҚШда содир бўлган ёнғин ҳақида расмий маълумот берилди
2019 йилнинг 1 июль куни соат 00:45 Тошкент вилояти Тошкент тумани “Сабзавот” МФЙ ТХАЙ кўчаси 7-уйда жойлашган “Обод Капитал” МЧЖга қарашли АЁҚШда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида туман ЁХБ диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, ёнғинни бартараф этишга 8 та асосий ва 3 та махсус ёнғин ўчириш автомобиллари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар ёнғин жойига 9 дақиқада етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 01:24 да қуршаб олинган ва соат 01:46 да тўлиқ бартараф этилган. АЁҚШнинг 150 кв.метр майдонда биноси ва ҳудудидаги 50 т. ёқилғи сақланиб келинаётган сиғим ёнғиндан асраб қолинган.
Ёнғинни ўчириш вақтида АЁҚШ ишчиси фуқаро С.Қ. куйиш тан жароҳати олиб шифохонага юборилган. Ёнғин оқибатида АЁҚШ оператор биносининг 40 кв.м майдонда томи, шифти ва ички жиҳозлари ҳамда АЁҚШ ҳудудидаги “Чинобод” нефтбазаси УКга қарашли “МАЗ” русумли ёқилғи ташиш автомашинаси билан фуқаро Б.П.га тегишли “Матиз” русумли енгил автомашинаси ёниб зарарланган.
Ёнғиннинг тахминий сабаби ёқилғи ташиш юк автомашинасидан ёқилғини ёқилғи сиғимига тўкиш вақтида, техник регламент талабларини бузилиши. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.