14:40 / 03.07.2019
34516

«Оққапчиғай»нинг оқтомликларга етказаётган талафоти: Қумқўрғонда бир қишлоқни жар ямламоқда

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани Оқтом маҳалласидан бир гуруҳ фуқаролар таҳририятимизга мурожаат қилишди.

Ушбу қишлоқнинг Бойсун-Оққапчиғай селгаси ёқасида жойлашган қисмида истиқомат қилувчи фуқаролар кўп йиллардан буён табиий офатдан жабр кўриб келишмоқда. Бу йил баҳорнинг ўта серёғин келиши оқибатида, уларни қийнаётган муаммо янада чигаллашди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Селга йўлидан келаётган сел оқимлари тупроқни ювиб юбориб, жарлик ҳосил қилмоқда. Тупроқлар ўпирилиб тобора уйларга яқинлашиб бормоқда. Айниқса бу йилги талафот жуда катта бўлди. Серёғин келган баҳор ва селлар мавсумида жарлар ўпирилиб, одамлар истиқомат қилаётган уйларга жуда яқинлашиб қолди.

Одамлар турар жойларига хавф туғилаётганидан, 40 йилдан буён яшаб турган уйларини бузиб ичкарироқдан қуришга мажбур бўлишмоқда.

Ўзларининг муаммоси ҳақида қишлоқ аҳли шундай ҳикоя қилиб беришди.

«2009 йилда сел биринчи бўлиб укам Тўрақул Муродовнинг уйини олиб кетди. Ҳозир мана шу жарлик ўрни ва селга бўлган жойларда тўй ўтказганмиз. Одам яшарди, томорқаси бор эди. Шундан бери ўтган ўн йил давомида ҳокимлик, ФВВ ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилиб келамиз. Айтарли ёрдам беришгани йўқ. Ахийри ўзимиз ҳашар йўли билан сув йўлига тупроқдан дамба қурдик. Сув биз барпо этган дамбаларни ҳам ювиб кетди», — дейди Авлиёқул Муродов.

«50-100 йилдан бери бу селга 6 метрлик сой бўлган. Оққапчиғай каналидан сел суви қўйиб юборилавериб, тиниқ сув захлаб, тупроқни ювиб, емириб юборавериб мана шу аҳволга келди. Бу тупроқ емирилаверса, жар йўлидаги хонадонларни вайрон қилиб кетаверади», — дейди Сафарали Мансуров.

«Осмонга битта булут чиқса мазамиз қочадиган бўлган. Ҳолимиздан бирор киши хабар оладими йўқми?», — дейди Ўғилой Юсупова.

«Келган масъуллар ҳужжатимиз йўқлигини, ноқонуний ўтирганимизни баҳона ва пеш қилишмоқда. 40 йил олдин бу ерлар инсон яшамайдиган, чангалзорлар эди. Оққапчиғайда сув чиққанидан кейин шу ерларни ўзлаштирамиз деб, биз келиб жойлашдик, обод қилдик. Ўша пайтлар нега ҳеч ким келиб огоҳлантирмадики, бу ерлар хавфли жой, деб. Энди кадастр ва эгалик ҳуқуқини сўрашмоқда», — дейди Шавкат Саидов ҳамда Турди бобо Норов.

Уйи бузилиб, ўзга кишиникида оила аъзолари билан ижарада турган оқтомликлардан бири гапираётиб, иложсизликдан кўз ёшларини тўхтата олмади.

Қишлоқ аҳолисининг талаби — селга йўлини дамба билан беркитишда маҳаллий ҳокимият ёрдам бериши керак. Улар турли инстанцияларга шикоят ва мурожаат қилишда давом этишмоқда. Бу ишлар давлат дастурига тушгани-ю, 220 миллион сўм пул ажратилганига гувоҳ бўлишганини ҳам айтиб ўтишди.

Қишлоқ аҳлига Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жўнатилган жавоб хатида селдан ҳимоя тадбирларини амалга ошириш учун 2019 йилда манзилли дастурга киритиш бўйича тошқинга қарши комиссиянинг таклифи тақдим этилгани билдирилган.

Бу ерда катта ҳажмдаги тупроқ ва бетонлаш ишлари амалга оширилиши керак, бу ишларни қишлоқ аҳолиси ўз маблағига ёки ҳашар йўли билан амалга оширишга қодир эмас.

Биз мазкур масала юзасидан Қумқўрғон тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдурашид Абдураҳимовдан изоҳ олдик.

«Туманимизда ўтган йили ҳам селдан катта талафот кўрилган эди. Ўтган йилгидек талафот юз бермаслиги учун жуда кўп ишлар амалга оширилди. Сел йўллари очилди, зовурлар қазилди. Бу йил ёғингарчилик аввалги йилга нисбатан анча кўп бўлгани билан деярли талафотсиз ўтказдик.

Оқтом қишлоғи масаласида гапирадиган бўлсам, бу жойлар азалдан хавфли ҳудуд бўлиб келган. У ернинг тупроғи қумоқ (суглинок) ҳисобланади. Озгина сув билан ҳам емирилиб, тупроқ кўчиш, жар ҳосил бўлиш хусусиятига эга. Боз устига, йилдан йилга сел келавериб, жарликларни емириб, кенгайтириб кетаверган.

Қолаверса, аҳоли у ерга ноқонуний жойлашган, шикоят қилаётганларнинг бирортасида эгалик ҳуқуқини берувчи ёки кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, биз хавфни бартараф этишга ёрдам берамиз.

Биз уларнинг айримларига хавфсиз ҳудудга кўчиш учун бошқа ер тақдим этганмиз. Лекин ўзлари кўчишни исташмаяпти.

Айни пайтда селгада ҳамон сув оқмоқда. Тупроқ нам. Биз техникаларимиз билан бориб қазиш ва тупроқни суриш ишларини амалга оширдик. Лекин техникалар лойга ботиб қолди. Июль ойида сув оқими тўхтайди ва селга туби қурийди. Шундагина ишга киришишимиз мумкин. Бу иш назоратимизда турибди. Туман ҳокимлиги қараб ўтирмайди. Ўша кўрсатилган жойда сув йўлига албатта дамба қурамиз», — деди туман ҳокими ўринбосари А.Абдураҳимов ва бу борада қилинган бесамар уринишларнинг фотосуратларини тақдим этди.

Қишлоқ аҳли ваъдалар ваъдалигича қолиб кетаётганини, ваъдалардан зерикишгани, масъуллардан амалий ёрдам кутишаётганини таъкидлашди, тумандаги мутасадди албатта ёрдам қилиниши ваъда берди. Барчамиз озгина сабр қилайлик-чи, ушбу масалани Қумқўрғон туман ҳокимлиги қандай қилиб ҳал қилар экан. Биз ушбу мавзуга яна бир бор қайтамиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top