17:20 / 05.07.2019
27370

«Артел» учун алоҳида имтиёзлар йўқ». Компания раҳбарияти танқидларга жавоб қайтарди

«Artel» савдо белгиси ишлаб чиқарувчи корхоналар монополистми, улар солиқ имтиёзларига эгами? Журналист Карим Баҳриевнинг Kun.uz сайтида эълон қилинган «Монополлар, протекционизм ва лоббистлар парвози. Иқтисодиётдаги офатлар ҳақида» сарлавҳали мақоласида ана шундай иддаолар илгари сурилган эди.

«Артел вакиллари ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида мақола муаллифини ва Kun.uz сайти вакилини кичик пресс-турга таклиф этди. «Artel injenering and management» МЧЖ директори ўринбосари Дилшод Рўзметов интервью давомида компания фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этди. 

YouTube

Tas-IX

— Ассалому алайкум, Дилшод ака. Биз «Artel» бренди остида фаолият олиб бораётган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида гаплашишни режалаштирган эдик. Биринчи саволимиз шуки, «Artel» монополистми?

— Бугунги кунда «Ўзи Artel компанияси қаердан пайдо бўлган?», «Artel қачон пайдо бўлган?» деган ҳар хил саволлар бор. Турли хил нашрларда компанияни монопол ташкилот сифатида атаб, нотўғри талқин қилишмоқда. «Artel» компанияси 2011 йилда ташкил топган. Компаниямиз бошида ишни маиший ошхона плиталари ҳамда чангютгичлар ишлаб чиқариш асосида амалга оширган бўлса, бугунги кунда 15 турдан ортиқ маиший техника воситаларининг 500га яқин моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 млн дона маҳсулотга тенг.

Саволингизга тўхталадиган бўлсак, «Artel» монопол ташкилотми?

Ўзи монополия тушунчаси қаердан келиб чиқади? Маълум бир ҳудудда қонуний ёки ноқонуний йўллар билан бирор мавқени эгаллаган ҳолда ўзига хос бўлган, ўзи билан турдош турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи компанияларга йўл бермасдан, уларга турли ноқонуний йўллар билан тўсқинлик қилинишига монополия дейилади. Лекин бугунги кунда Ўзбекистон маиший техника бозорини таҳлил қиладиган бўлсак, бозорда «Artel» бренди остидаги маҳсулотлардан ташқари, «Roison» бренди бор. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан «Sirius», «Konik», «Comfort», «Udur»... Буларни санаса 20дан ортиқ турдаги маиший техника ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд ва улар ҳам биз билан биргаликда бозорда рақобат қилмоқда ва бозорда ўз харидорларига эга бўлмоқда. Демак, Ўзбекистонда маиший техника маҳсулотларини фақат артел етказиб бермайди. Бугунги кунда бозорда бир маҳсулотни ишлаб чиқараётган 20дан ортиқ ишлаб чиқарувчи мавжуд. 

— «Artel» бренди остида мана шу маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши давомида қандайдир солиқ имтиёзлари ёки префенциялар назарда тутилганми?

— Куни кеча Kun.uz сайтида ва бошқа нашрларда монополия ва лоббизм тўғрисидаги мақола эълон қилинди. У мақолада бир неча давлат ташкилотлари билан биргаликда «Artel» компанияси ҳам монопол ташкилот сифатида кўрсатилиб, «она кўкрагини қўйиб юборишни истамаётган чақалоқ» билан қиёсланган. Лекин мақолада айтилганидек «Artel» компаниясига давлат томонидан солиқ имтиёзлари, божхона имтиёзлари ёки бошқа турдаги имтиёзлар берилмаган. Мақолада «Artel» компанияси бундай имтиёзлар мавжуд бўлмайдиган бўлса, умуман банкрот бўлиши ёки тугатилиши мумкин» деган фикрлар халққа нотўғри талқин қилинган. Шу мақоладан кейин интервью беришга қарор қилдик.

Бугунги кунда, мисол учун 2019 йилнинг олти ойлигини оладиган бўлсак, «Artel» компаниясининг ўзи, яъни «Artel» бренди остида маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ўзи солиқ ва божхона тўловлари бўйича 316 млрд сўмга яқин тўлади. Давлатга солиқ божхона бўйича ҳамма тўловлар амалга оширилган.

Яна бир нарсани таъкидламоқчи эдим. Мана, «Artel» бренди остида маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз фаолияти давомида шунчалик ривожландики, 8 йил давомида ишлаб чиқаришлар кучайди, кенгайдик. Ўша пайтда 500 киши ишлаган бўлса, бугунги кунга келиб 10 мингдан ортиқ одам «Artel» бренди остида фаолият юритаётган корхоналарда меҳнат қилмоқда. Ўша жойдан оиласини боқяпти. Бу билан нима демоқчиман. Шу кунгача давлат томонидан «Artel» учун ҳужжат билан имтиёз ёки алоҳида ҳуқуқ берилмаган, бундай ҳужжат қабул қилинмаган.

Мақолада «Artel» компаниясига эҳтиёт қисмларни йиғувчи корхона сифатида таъриф берилган. Лекин кўпчилик биладики, «Artel» компанияси фақат йиғиш билан шуғулланмайди, балки хом ашёни чуқур қайта ишлайди. Маиший техника воситаларини қайта ишлаш даражаси яъни маҳаллийлашириш даражаси камида 50 фоизни ташкил қилмоқда. Масалан, ошхона плиталарини олайлик. Ошхона плиталари учун импорт қилиб олиб келадиган асосий хом ашёмиз бу - темир. Темир маҳсулоти лист, рулон шаклида Россия ва бошқа давлатлардан олиб келинади. Уларни олиб келгандан кейин штамплаш, яъни уни қолиплар асосида шаклга келтириш, листни ва шаклга келтирилган газ плитаси қисмларини тегишли равишда бўяш орқали металдан тайёр маҳсулот яратиш асосида ишлаб чиқариш жараёнини ташкил қилганмиз.

Телевизор ишлаб чиқаришни оладиган бўлсак, бугунги кунда бошқа ишлаб чиқарувчилардан фарқли равишда, «Artel» компаниясида ишлаб чиқарилаётган телевизорларда унинг устки қопламаси, пластик деталлар тўлиқ хом ашё кўринишида келади. Бундан ташқари телевизорнинг бошқарув органи ҳисобланадиган плата қисмини ҳам олиб келиб ўрнатганмиз, яъни ишлаб чиқариш жараёни фақат охирги босқичдан иборат эмас. Яъни ўша мақолада келтирилганидек «Artel» компанияси ёки бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни тайёр шаклда келтириб фақат тўртта гайкани бураб қўйиш орқали давлат томонидан қандайдир имтиёзларга эга бўляпти деган гап тўғри эмас. Компания миллионлаб, миллиардлаб пулларни ўз чўнтагига оляпти деган гап нотўғри талқин. Бу фикрга биз умуман қўшилмаймиз.

Қўшимча равишда шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, биз шу пайтгача очиқ бўлганмиз. Ижтимоий тармоқларда бизнинг ишлаб чиқариш жараёнларимизга оид видеороликлар бор. Ўша тасвирларда биз иложи борича ишлаб чиқариш жараёнини жамоатчиликка етказишни, бу йирик цех  эмаслигини кўрсатмоқчи бўлганмиз.

Ундан ташқари, бу мақоладан кейин жамоатчилик фикрини тўғри томонга йўналтириш мақсадида ҳафтанинг жума кунлари соат 14:00да ишлаб чиқариш заводларимизда очиқ эшиклар кунини ташкил қилмоқчимиз. Истаган одам келиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишиши мумкин бўлади.

Бугунги кунда «Artel» компанияси алоҳида имтиёзга ёки бўлмаса бошқа турдаги кўринишдаги мақомга эга эмас ва ҳамма ишлаб чиқарувчиларга яратилган бир хил мақомдаги, яъни белгиланган тартибдаги шароитда фаолият юритмоқда. Бозорда бугунги кунда рақобатнинг ўзи кучли. Бу соҳада 20дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар бор. Бозордаги рақобат шунда кўриняптики, биринчиси нарх, иккинчиси сифат ва учинчиси - бу маҳсулотни етказиб бергандан кейин унинг сервис хизматини ташкил этиш. «Artel» компанияси юқорида таъкидлаганимдек, давлатнинг этагига ёпишиб олган, ёки бўлмасам солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан яшаб ўша «ўз она кўкрагини қўйиб юборишни хоҳламаётган чақалоқ» сифатидаги корхона эмас. Биз соғлом рақобат муҳитида яшаётган ва истеъмолчиларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, талабга таклиф берган ҳолда ўзимизнинг позициямизни маркетинг асосида ушлаб турган ҳолатдаги компаниямиз. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёни фаолиятини ташкил этишда биз тўлиқ очиқмиз. Шу асосда мана очиқ эшиклар кунини ҳам ташкил қилмоқчимиз. Шунинг учун хоҳлаган одам, хоҳлаган тадбиркор келиб ўз таклиф ва мулоҳазаларини, фикрларини ўртоқлашса, биз бундан жудаям хурсанд бўламиз.

Энди иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Агарда ўзимиз кўрмаётган камчиликларимиз бўлса, бизга келиб, мана шунақа камчиликни тўғриласангиз яхши бўларди дейилса, биз бундан ҳар доим хурсанд бўламиз. Ҳар доим бундай таклифларни кутамиз, эшитамиз ва тўғри қарорларни қабул қилиб истеъмолчилар фойдасига ҳал қилишга тайёрмиз.

«Artel» компанияси ҳақиқатдан миллий маҳсулот ва халққа яқинлиги рамзи сифатида барчани очиқ эшиклар кунида заводга ташриф буюришга таклиф этади.

Top