Ўзбекистон | 21:50 / 14.07.2019
45266
4 дақиқада ўқилади

Фото: Нефрит кўли ҳавзасида ноқонуний ўрнатилган «чойхона» олиб ташланди

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Бурчимулла давлат ўрмон хўжалигига мансуб Ўринғоч сой ҳавзасида қонунга хилоф равишда ўрнатилган топчанлар олиб ташланди. Бу ҳақда қўмита ўз Facebook саҳифасида маълум қилди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

«Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Бурчимулла давлат ўрмон хўжалигига мансуб Ўринғоч сой ҳавзасида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш олиб борилди.

Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади. 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўрмон тўғрисидаги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 2018 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-475-сон қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси «Ўрмон тўғрисида»ги Қонунининг 45 ҳамда 46 - моддаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 2017 йил 11 майдаги ПҚ-2966-сон қарорига мувофиқ Бурчимулла давлат ўрмон хўжалиги экологик туризмни ривожлантириш мақсадида Урунгач сой ҳавзасидаги кичик кўлнинг қирғоқ олди ҳудудини Бўстонлиқ тумани, Такаёнғоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Чоткараев Улан Турдибаевичга 2019 йил 21 майдаги 1/А-сон шартномасига, шунингдек, Бўстонлиқ тумани, Искандар қўрғони, Пурхонов, 11/1-уйда яшовчи фуқаро Қудратуллаев Бехруз Қутлимурадовичга 2019 йил 20 июндаги 3-сон шартномага мувофиқ ижарага топширган.

Ўз навбатида мазкур фуқаролар томонидан жами 10та топчан ўрнатилган бўлиб, шулардан 5таси Урунгач сой кичик кўлининг қирғоқ олди минтақасига жойлаштирилгани аниқланди.

Бу билан, Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида» қонуни талаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистраль каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик сув ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида» 1992 йил 7 апрелдаги 174-сон қарори талаблари бузилишига олиб келган бўлиб, мазкур топчанлар жойидан олдирилиб, кўл сувига ҳар хил чиқиндилар ташлаб сув ифлослантирилгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига асосан, фуқароларнинг ҳар бирига нисбатан маъмурий жарималар белгиланиб, келгусида ушбу ҳолат қайта содир этмаслиги бўйича огоҳлантирилди», дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Фото: Давлат экология қўмитаси
Фото: Давлат экология қўмитаси

Бундан аввалроқ интернетда Ўзбекистоннинг энг ноёб табиий масканларидан ҳисобланган Ўринғоч кўли бўйида айвонлар қурилиб, чойхона ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилгани атроф-муҳит ҳимоячилари ва экосайёҳлар норозилигига сабаб бўлаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган ноёб кўл ҳавзасида сув нефрит (кристалл) тусида жилоланади ва айнан шунинг учун бу кўл халқ орасида Нефрит кўли деб ҳам аталади. 

Мавзуга оид