Жаҳон | 10:24 / 18.07.2019
18101
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Путинга «барча асирларни алмаштириш»ни денгизчилардан бошлашни таклиф қилди

Фото: Zuma/ТАСС

Украина президенти Владимир Зеленский Россияда ушлаб турилган украиналиклар ва Украинада ушлаб турилган россияликларни “барчани барчага” йўли билан алмаштириш таклифига рози, бироқ у буни Украинанинг Керч бўғозидаги воқеадан кейин ҳибсга олинган 24 денгизчидан бошлашни таклиф қилмоқда. У бу ҳақда “Президент билан очиқчасига” кўрсатувига интервьюсида айтиб ўтган.   

Унинг фикрича, денгизчиларнинг озод қилиниши икки давлат ўртасидаги мулоқотни бошлашга “нормал қадам” ва урушни тўхтатиш учун кучли қадам бўлган бўларди.

Зеленскийнинг айтишича, унинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбатида Путин асирлар муаммосининг ечимини барчани барчага алмаштиришда кўраётганини айтган. Зеленский бундай айирбошлашга бажонидил рози бўлишини, бироқ бир муаммо борлиги – Донецк ва Луганск ҳудудларида ушлаб турилганларнинг Киевдаги рўйхати бу ҳудудларни назорат қилаётганлардаги рўйхат билан мос эмаслигини айтган. 

“Шу сабабли барчани барчага алмаштирамиз, бироқ келинг аввал Россиядаги, Қримдагиларни қайтарайлик ва буни денгизчилардан бошлайлик”, деб таклиф қилган Украина президенти. 

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украинанинг ҳамкорлари унинг Москвага қўнғироқ қилишига қарши чиқишган, бироқ у бу Украинанинг барча фуқаролари учун муҳимлиги ва ҳақиқат у томондалиги сабабли бу суҳбатдан қўрқмаслиги ҳақидаги қарорга келган. Унинг айтишича, собиқ президент Пётр Порошенконинг жамоаси Путин билан кўп маротаба гаплашган ва нима учун улар урушни тўхтатишга ҳаракат қилишмагани унга тушунарсиз. 

17 июлда Москва суди украиналик денгизчиларнинг ҳибсда ушланишини 26 декабргача узайтирди. Киевда улар ҳарбий асирлар деб ҳисобланади, бироқ Россия буни рад этмоқда, чунки икки давлат ўртасида уруш эълон қилинмаган. Москва уларни Россия чегарасини бузишда айбламоқда.    

Мавзуга оид