22:57 / 24.07.2019
16026

«Давлат ижрочиси қонун талабларини бажармаган»: Олий суд Риштондаги аукцион иши бўйича муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайтида «Риштонда аукционда мулк сотиб олган фуқаро чув тушди(ми?)» сарлавҳали мақола эълон қилингандан сўнг, ушбу мақола юзасидан «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК томонидан муносабат берилганди. Унга кўра, фуқаро аукцион савдолари орқали кўчмас мулкни ҳаққоний, ҳалол ютиб олгани қайд этилган. Шунингдек, марказ изоҳида суд аукцион баённомасини бекор қилишида «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси томонидан бирор камчиликка йўл қўйилгани асослантириб бермагани таъкидланган эди.

Олий суд ҳам мақола бўйича ҳолатни ўрганиб ўз муносабатини билдирди. Даставвал, берилган маълумотда аукционда сотиб олинган мулки қайтариб олинганига, бу савдонинг ноқонуний ташкиллаштирилганига ачиниш билдириши айтилган.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоят хўжалик судининг 2016 йил 18 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор «Ўзагрокимёҳимоя» Фарғона вилоят ҳудудий акционерлик жамиятидан ундирувчи Фарғона шаҳар давлат солиқ инспекцияси фойдасига 7 148 511 337 сўм боқиманда қарздорликни ундириш белгиланган. Ушбу ижро ҳужжатига асосан ижро ҳаракатлари бошланган ва мулк 429 481 834 сўмга баҳоланган. Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ф.Ғиёсов томонидан ижрони таъминлаш мақсадида мулк электрон-онлайн аукцион орқали сотувга чиқарилган. Савдо ташкилотчиси «Электрон-онлайн аукционларини ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан 2018 йил 23 октябрда ўтказилган кимошди савдоси якунига кўра, жавобгар С.Бувожонов ғолиб деб топилиб, Риштон тумани, Тўқимачи кўчаси 17-уйда жойлашган маъмурий бино-иншоотлар 279 163 192 сўм 10 тийинга сотилган.

Фарғона вилоят иқтисодий судининг 2018 йил 17 декабрдаги ажримида 2016 йил 16 мартдаги ҳал килув қарори билан ундирилиши белгиланган 7 148 511 337 сўм солиқ қарздорлиги 2017 йил 1 июль ҳолатига тўлиқ қоплангани қайд этилган.

Қарздорлик тўлиқ копланган бўлса-да, мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан Фарғона вилоят хўжалик суднинг 2016 йил 18 апрелдаги 15-1606/4437 сонли ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари асоссиз давом эттирилган.

Шу боис, суд, мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ф.Ғиёсовнинг Риштон тумани Тўқимачи кўчаси 17-уйда жойлашган маъмурий бино-иншоотларни электрон-онлайн аукцион савдосига чиқариш бўйича 2018 йил 20 февралдаги қарорининг ноқонуний деб ҳисоблаб, мазкур ижро ҳаракатлари асосида амалга оширилган электрон-онлайн аукциони натижаларини ҳам ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Суд ўз қарорида С.Бувожонов мулкни сотиб олиш учун тўлаган суммани жавобгар Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимидан ундиришни кўрсатган.

Ушбу хатти-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 41, 60, 61-моддалари ижро бюроси томонидан бузилгани қайд этилган.

Мана шунақа гаплар. Фуқаро аукциондан мулк сотиб олади, кейин уни суд орқали олдинги эгаси қайтариб олади. Аукцион маркази ҳаммаси қонуний амалга оширилганини айтса, суд органи эса бунга мажбурий ижронинг хатти-ҳаракатлари нотўғри дея ҳисобламоқда. Одил судловни амалга оширувчи орган суд дея эътироф этилган. Шу сабабли, ҳаммасига айбдор мажбурий ижро бюроси дея қабул қилишга мажбурмиз. Лекин бир ҳақиқатни биламизки, бу ерда энг бегуноҳ ва жабрдийда – бу фуқародир.

Top