10:30 / 25.07.2019
19405

«Онажон, мени қутқаришди». Хайрия йиғилган ўқитувчи қизнинг операцияси муваффақиятли ўтиб, уйига қайтди

Она - мўътабар. У фарзанди учун ҳар қандай қийинчилик, ҳар қандай оғриққа, ҳатто ўз организмидаги аъзони узиб беришга ҳам тайёрлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Намангандаги сафар чоғи ҳаётга қайтган инсонлар сўзидан дийдамиз юмшаб, кўзимиз ёшга тўлди. Тасвирга олаётган операторимизнинг ҳам кўзида ёш экан.

Бу хонадонда тўрт ой олдин бўлганимизда, оғир касаллик ва оғриқлар билан олишаётган, бадани шишиб кетиб, зўрға гапираётган қизни кўргандим. Онаси Азизахон опа ўзини йиғидан тия олмай «Қизим шу ҳаётда яшагиси келяпти. Ҳар кун Худодан унга шифо сўрайман. «Онажон мени қутқарасизлар-а?», деганида юракларим эзилади»,  дегани ёдимда.

Шу йил март ойи охирларида наманганлик ёш муаллима бир олам орзулар қанотида мактабда эндигина иш бошлаб, болаларга она тили ва адабиётдан сабоқ бераётганида оғир дард ёпишгани ҳақида хайрия уюштирган эдик.

«Онажон, албатта, мени қутқарасизлар-а?». Наманганлик орзулари осмон ўқитувчи қизга онаси ўз буйрагини беряпти. Уларга кўмак жуда зарур» сарлавҳали мақоладан сўнг, Наргизага кўмак бергани жуда кўпчилик ҳисса қўшди.

23 ёшли Наргиза Нурдинбаева Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, “Истиқлол” маҳалласидаги Зиёкор кўчасида яшайди. 2018 йил Наманган давлат университетини битирган қиз ўз қишлоғи таълим муассасасида бир ойгина ишлай олди. «Онажон мактабда тобим қочиб қолди», дея ишдан келган қиз бирданига ётиб қолади. Отаси Муҳаммаджон ака ва онаси Азизахон опа жигарбандини аввал туман, сўнг вилоят неврология бўлимларида даволатишди. Врачларнинг Наргизага қўйган ташхиси қўрқинчли эди – икки томонлама буйрак етишмовчилиги. Халқ тили билан айтганда – буйраклар ишдан чиққан. 

Kun.uz хайрия акциясини ўтказгач, эҳсон берган кишилар кўмаги билан етарли маблағ йиғилди. Наргиза ва унинг онасини операцияга тайёрлашди.

Она ўз қизига буйрагини берди.

Бу сафар хонадонга борганимизда бизни Наргизанинг онаси Азизахон опа кутиб олди.

Бутунлай бошқа кайфият, ўзгача хурсандчилик устидан чиқдик. Наргиза салом бериб, ичкаридан чиқиб келди. Ўтган сафар бемор бўлиб, юзлари шишинқираган қиз касалликдан фориғ бўла бошлаганди.

Она-бола билан суҳбатлашиш давомида, уларнинг яхши инсонларга чин юракдан айтган гапларини тинглаш бизга осон бўлмади.

«Дунёда яхши инсонлар жуда-жуда кўплигини билдик. Аввало, Аллоҳнинг қудрати, саховатпеша кишилар ёрдами билан қизимизнинг операцияси ўтказилди. Яратган эгам буйракни бекорга жуфт қилмаган экан. Биттасини фарзандимга бердим. Ҳозир унинг ҳар бир кулгисидан роҳат оляпман. Барчага мингдан-минг раҳмат», дейди она.

«Операция бўлишим учун қўллаб-қувватлаб турган барса эзгу қалбли инсонларга қандай ташаккур айтишни билмайман. Онам ўз аъзосини берди. Одамлар ёрдам қилишди. Энди бор кучимни ўқувчиларимни яхши инсонлар қилиб тарбиялашга сарфлайман. Ҳаммага раҳмат. Менга кўмак берганлар ҳеч қачон касал бўлмасин». Бу Наргизанинг сўзлари.

Улар томонидан айтилган бор гапларни ёзиб ифодалаб бўлмайди. Видеолавҳани албатта кўринг. Унда сиз бор инсонийлик, эзгулик  ифодасига гувоҳ бўласиз. 

Kun.uz хайрия акциясида иштирок этган барча саховатли кишиларга ўз миннатдорчилигини билдиради.

Элмурод Эрматов, 
Kun.uz мухбири


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top