Спорт | 23:43 / 28.07.2019
6546
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон дзюдочилари Загреб Гран-присини олтинчи ўринда якунлади

Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при турнири якунига етди.

26-28 июль кунлари ўтказилган мазкур мусобақада дунёнинг 86 давлатидан полвонлар иштирок этди.

Эркаклар ўртасида барча вазн тоифаларида қатнашган ўзбекистонлик дзюдочиларга битта олтин, битта бронза медали насиб этди. Бу натижа билан турнирни 6-ўринда якунлади. Биринчи ўринга дзюдо ватани вакиллари эга чиққан: 4 та олтин 4 та кумуш.

Эркаклар ўртасида биринчи кунги баҳсларда -60 кг. вазнда татамига чиққан ўзбекистонлик Шарафуддин Лутфиллаев барча рақибларини енгиб олтин медалга эга чиққанди.

-66 кг.ли полвонлар баҳсларида ўзбекистонлик Муҳриддин Тиловов яримфиналгача йўлни босиб ўтган, аммо яримфиналда испаниялик Альберто Мартин Гайтерога, бронза учун курашда франциялик Ле Блоучга ютқазган ва турнирни 5-ўринда тугатган. Ушбу вазн совриндорлари қуйидагича: А.М.Гайтеро (олтин), Д.Виеру (кумуш), Ле Блоуч ва Т.Даваадорж (бронза).

Иккинчи кунги баҳсларда ўзбекистонлик дзюдочилар саралашданоқ мусобақани тарк этган. Фақатгина -81 кг. вазнда Мусо Собиров бронза медали учун ўтиш босқичида рақибига имкониятни бой бериб, 7-ўрин билан кифояланган.

Мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазнли дзюдочилар татамига тушди. +100 кг. вазнда ўзбекистонлик Алишер Юсупов бронза медалини қўлга киритди. У чорак финалда голландиялик Рой Мейерга ютқазиб қўйди. Ўтиш турниридан муваффақиятли ўтиб, бронза учун баҳсда россиялик А.Тсховребов устидан ғалаба қозонди. Мутлақ вазнда олтин медал грузиялик Гела Заалишвилига насиб этди. У финалда япониялик Ҳ.Ҳарасавани мағлуб этди. Яна бир бронза медалига бошқа бир грузин Л.Матиашвили эга чиқди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларнинг -52 кг. вазнида қатнашган ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова 3-даврагача етиб борган. У белгиялик рақибасига ютқазиб мусобақани тарк этган.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид