Ўзбекистон | 21:00 / 30.07.2019
4583
2 дақиқада ўқилади

Ўзбeкистон прeзидeнтининг Афғонистон бўйича махсус вакили Кобул шаҳрида музокаралар ўтказди

29 июль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистон президентининг инфратузилма лойиҳалари бўйича катта маслаҳатчиси, молия вазири вазифасини бажарувчи Ҳумоюн Қаюми, Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Мухиб, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Ҳамид Карзай билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, учрашувлар чоғида Афғонистонда тинч сиёсий жараённи тезроқ бошлаш борасидаги томонларнинг саъй-ҳаракатлари ва Ўзбекистоннинг қўшни мамлакат иқтисодий инфратузилмасини тиклашга ёрдами муҳокама қилинди.

“Афғонистон томони Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қардош Афғонистон бозорида Ўзбекистоннинг иқтисодий мавқеини янада ошириш борасидаги сиёсатини юқори баҳолади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг 1 июль куни Афғонистонга ташрифининг муваффақиятли якунлари эътироф этилди.  

Афғонистон молия вазири вазифасини бажарувчи Ҳумоюн Қаюми Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг Афғонистонга ташрифи якунларига кўра эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тасдиқлади.

Музокаралар чоғида аввало Афғонистон халқининг энг муҳим манфаатлари ва эҳтиёжларига мос келувчи энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга томонларда ўзаро қизиқиш ва уларнинг ҳамкорликка тайёрлиги билдирилди.

Ҳумоюн Қаюми Афғонистон томони жорий йил сентябрь ойида “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғини қуриш тўғрисидаги шартномани имзолашни режалаштираётганини ҳам таъкидлади.

Мавзуга оид