Ўзбекистон | 11:10 / 02.08.2019
7297
3 дақиқада ўқилади

2019 йил биринчи ярмида 14 минг 733 нафар шахс судланди 

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Одил судловни амалга оширишда судлар фаолиятининг 2019 йил биринчи ярим йиллик якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлов ҳайъати раиси ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 18 минг 745 нафар шахсга нисбатан 14 минг 269 иш кўриб чиқилди. Судланган шахслар сони 14 минг 733 нафарни ташкил этиб, шундан 3 минг 798 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 10 минг 191 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 744 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. 333 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди.

166 нафар шахсга Ёшлар иттифоқи, 131 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси ва 764 нафар шахсга маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 минг 228 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Етказилган 286,8 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 1 минг 693 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. 6 минг 677 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 46,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 
        
Ҳисобот даврида 42 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 38 минг 630 суд буйруғи чиқарилди. Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 79 минг 420 ҳал қилув қарори чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 84,4 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди.        

Жорий йилнинг биринчи ярим йили мобайнида иқтисодий судлар томонидан 95 минг 418 иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Кўрилган ишларнинг 61 мингдан ортиғи бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 15 минг 642 иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 623,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Маъмурий судлар томонидан 2019 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 8 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 5 минг 761 фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 213 минг 503 нафар шахсга нисбатан 179 мингдан зиёд иш кўриб чиқилди. Жумладан, 133 минг 345 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ каби маъмурий жазолар қўлланилди. Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш билан боғлиқ ишлар ташкил қилади. Маъмурий судлар томонидан 107 минг 615 иш, яъни барча ишларнинг 57,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Мавзуга оид