13:46 / 06.08.2019
18345

Сенат Давлат дастури ижросидаги сусткашликлар ва тайёрланмаган президент фармони лойиҳаси ҳақида маълум қилди 

2019 йил 6 август куни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини 2019 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган Комиссия мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси Содиқ Сафоев олиб борди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор мақсадларига тўлиқ эришишни таъминлайдиган чора-тадбирлар тизимидан иборат бўлиб, унинг доирасида мамлакатимиз тараққиёти ва юрт фаровонлигига оид кенг кўламли вазифалар ҳал қилинмоқда. Шу боис Дастурнинг ҳар бир банди тўлиқ рўёбга чиқарилишига эришиш, бунинг учун айниқса, парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Дастурда ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишларида 100 та банд белгиланган бўлиб, иккинчи чоракда йигирмата банддаги топшириқларни бажариш кўзда тутилган.

Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия ҳузуридаги мониторинг гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида Давлат дастурида ижроси биринчи ва иккинчи чоракларда таъминланиши белгиланган ўнта банддаги топшириқлар ҳамон бажарилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, ижроси йил давомида бажарилиши белгиланган олтита банддаги вазифалар юзасидан олиб борилаётган ишларда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги маълум бўлди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Хусусан, Дастурнинг тегишли бандида 2019 йил 1 июнга қадар кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органини ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси тайёрланиши белгиланган. Аммо мазкур вазифа бажарилмаганлиги мажлисда алоҳида қайд этилди.   

Шунингдек, Дастурнинг тегишли бандида 2019 йилнинг 1 майига қадар аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, қабул қилиниши белгиланган. Бироқ шу кунга қадар мазкур топшириқ ижроси таъминланмаган. Бундан ташқари, Дастурда 2019 йил 15 февралга қадар Санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланиши белгиланган. Шу кунга қадар мазкур топшириқ ҳам охиригача бажарилмаганлиги сўзга чиққанлар томонидан қайд этилди.

Мажлисда алоҳида урғу берилган яна бир масала – Давлат дастурида белгиланган ёшлар сиёсатига оид топшириқлар ижроси бўлди. Таъкидланганидек, Дастурнинг 231-бандида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш кўзда тутилган ва бу мақсадга йил давомида 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланиб, 50 мингдан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. 2019 йилнинг 1 август ҳолатига 1555 та лойиҳага 333,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу кўрсаткич Дастур ижроси бор йўғи 15 фоизга бажарилганини англатади.

Муҳокама чоғида бу борада ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар алоҳида кўриб чиқилиб, мутасадди вазирлик ва идораларнинг эътибори уларни бартараф этишга қаратилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Мажлисда ижтимоий соҳани ривожлантиришдаги бу ва бошқа камчиликлар кескин танқид остига олиниб, уларнинг сабаблари атрофлича таҳлил этилди, бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистондаги перинатал тизимини ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича ЮНИСЕФ таклифлари хусусида маълумот берилди. Уларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари ва йўллари кўриб чиқилди.

Муҳокама якуни бўйича Комиссиянинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз вақтида ижро этилишига, мавжуд камчиликларни бартараф этишга, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг масъулиятини оширишга ҳамда бу борада парламент, депутатлар ва жамоат назорати механизмларидан самарали фойдаланишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди. 

Top