20:44 / 07.08.2019
10270

Покистон Кашмир сабабли Ҳиндистон билан яна зиддиятга борди

Фото: Akhtar Soomro / Reuters

Покистон Кашмирда юз бераётган воқеалар сабабли Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтириш ва икки томонлама савдони тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда Покистон бош вазири офиси баёнотида маълум қилинган. 

Dawn телеканалининг хабар қилишича, Покистон Нью-Деҳлидан ўз элчисини чақиртириб олади ҳамда ўз ҳудудидан қўшни давлат элчисини чиқартириб юборади.

Шунингдек, Исломобод Ҳиндистон билан икки томонлама келишувларни қайта кўриб чиқишга ҳамда БМТ, жумладан Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилишга қарор қилган.

Бунга 5 августда Ҳиндистон Жамму ва Кашмир штатининг алоҳида мақомини бекор қилишини эълон қилгани сабаб бўлган. Ҳозирда ушбу штатга маълум даражада мухторият ва ўз қонунларини қабул қилиш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, штат ҳудуди икки қисмга ажратилади. Бу штатда эндиликда Ҳиндистон учун умумий конституция амал қилиши, инвестицияларга ва бошқа штатлардан одамлар келишига чекловлар бекор қилиниши кутилмоқда.

Жамму ва Кашмир ҳудуди деярли Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бўлиб олинган, ваҳоланки ҳар бир томон ҳудуд устидан тўлиқ назоратга даъвогарлик қилади. Ушбу штатда икки томон ўртасидаги мунтазам тўқнашувлар сабабли у ердан ўтувчи шартли чегарада Ҳиндистон ва Покистоннинг катта сондаги қўшинлари тўпланган. 

Штат Ҳиндистоннинг энг нотинч штатларидан бири ҳисобланади. Штатнинг бутун ҳудудига Покистон таркибига кирувчи ва тан олинмаган “Озод Кашмир” давлати ҳам даъвогарлик қилади.

Top