Бекобод деҳқон бозори ҳудудидаги савдо дўконларида ёнғин содир бўлди
2019 йилнинг 9 август куни соат 04:55да Тошкент вилояти ФВБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Бекобод шаҳар, Ўзбекистон кўчасида жойлашган «Бекобод деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконларида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида хабар тушган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарида айтилишича, кўрсатилган манзилга соат 04:56да Тошкент вилояти гарнизонидан жами 4 та ёнғин ўчириш автоэкипажлари йўналтирилган. Биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари воқеа жойига соат 05:00да етиб борган вақтида, савдо дўконлари очиқ аланга билан ёнаётганлиги аниқланган.
Ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05:07да қуршаб олиниб, соат 05:25да тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ёнғин оқибатида, «Бекобод деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги озиқ-овқат павильонидаги 22 та савдо дўконларидан 6 тасининг шифти, том қисми ҳамда ички жиҳозлари жами 60 кв. метр майдонда ёниб зарарланган. Ёнғиндан 768 кв. метр майдонда 16 та савдо дўконлари сақлаб қолинган.
Ёнғиннинг сабаби дўконларнинг электр тизимида юзага келган авария ҳолатидан, деб тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.