18:58 / 10.08.2019
13285

Дания пойтахтида тўрт кун ичидаги иккинчи портлаш содир бўлди

Фото: REUTERS

Дания пойтахти Копенгагенда сўнгги тўрт кун ичидаги иккинчи портлаш содир бўлди. Ҳодиса 10 август куни Нёрребро районидаги полиция участкаси ёнида юз берган. Натижада бинога кириш эшиги ва деразалар шикастланган. Портлаш содир бўлган вақтда бинода ҳеч ким бўлмагани учун одамлар жабрланмаган.

"Бу шубҳасиз, қасддан амалга оширилган иш", - деди полиция инспектори Йорген Берген Сков. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда. Портлашдан бир оз вақт ўтиб полиция участкаси ёнидан қочиб кетаётган эркакни кўришган. Полиция уни қидирмоқда.  

Дания пойтахтидаги биринчи портлаш 6 августда содир бўлганди. Оқибатда солиқ идораси биносига жиддий шикаст етган ва бир киши жароҳатланган. Полиция ҳозирча икки портлаш орасида боғлиқлик мавжудлиги ҳақида гапиришга эрта эканлигини айтмоқда.

Шунингдек, 7 август куни Копенгагендан бир соатлик масофада жойлашган Швециянинг Ландскрон шаҳрида портлаш юз берганди. 

Top