Ўзбекистон | 20:36 / 12.08.2019
14486
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Экспортбоп маҳсулотлар чиқариш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак

Бугун, 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, доимий муҳокама қилиб бормоқда. Ушбу соҳаларга доир ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш йўлга қўйилди. Бундай реал, амалий чора-тадбирлар албатта ўз натижасини бермоқда. Экспорт билан шуғулланадиган субъектлар сафига 2 мингта янги корхона қўшилди, экспорт географияси 42 та давлатга кенгайди, 59 турдаги маҳсулот биринчи марта экспортга йўналтирилди. Жорий йилнинг етти ойида товарлар ва хизматлар экспорти 7 миллиард 331 миллион долларни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоиз кўпдир”, дейилади хабарда.. 

Йиғилишда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида экспортни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасадди раҳбарлар экспортёрларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказиб, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётгани танқид қилинди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида ташкил этилган Ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича Республика комиссияси корхоналар вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни экспорт фаолиятига жалб этиши, бу борадаги муаммоларини ҳал этиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва сертификациядан ўтказиш бўйича ёрдам бериши зарурлиги таъкидланди. 

– Экспорт имкониятларимиз кўп. Хусусан, пахта толаси ва мева-сабзавотни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар чиқариш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринларига эга бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

  

Маълумки, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бутун дунёда қадрланади. Бу тайёр “бренд” экспорт учун катта имкониятдир. 

Президентимизнинг шу йил 29 июль куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мазкур имкониятдан самарали фойдаланиш, аграр соҳага замонавий технологияларни жорий қилишга қаратилган.  

Унга кўра, 2019-2021 йилларда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 45 та агрологистика комплекси, қайта ишлаш бўйича 205 та янги қувват, 36 минг гектар интенсив боғ ташкил этиш режалаштирилган.

Йиғилишда шу борадаги ишларнинг ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Белгиланган чора-тадбирларни муддатида бажариш ва бунинг ҳисобига мева-сабзавот экспортини 2021 йилда 2 баробар ошириш зарурлиги таъкидланди. Такрорий майдонларга экспортбоп экинлар экиш, айниқса, дуккакли маҳсулотларни экспортга кўпроқ чиқариш муҳимлиги қайд этилди. 

Хорижга ташрифлар ҳамда халқаро кўргазмалар доирасида имзоланган экспорт шартномаларининг бажарилиши, октябрь ойида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли халқаро кўргазма ўтказилишига оид масалаларга ҳам эътибор қаратилди.   

Экспортёрларнинг хориждаги савдо уйлари устав капитали миқдорини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Мавзуга оид