18:07 / 14.08.2019
31818

Максим Шацких ишсиз қолди

Максим Шацких /Фото: dynamo.kiev.ua

Киевнинг «Динамо» клуби бош мураббийи Александр Хацкевич истеъфога чиқарилди.

У билан бирга мураббийлар штабининг барча аъзоларига, жумладан Олег Лужний, Висенте Гомес ва Максим Шацкихга ҳам жавоб берилди.

Жамоани кейинги ўйинларга ким тайёрлаши ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, «Динамо» Чемпионлар Лигаси саралашининг 3-босқичида Бельгиянинг «Брюгге» клуби тўсиғидан ўтолмади. Сафарда 0:1 ҳисобида ютқазган киевликлар ўз майдонида 3:3 ҳисобини қайд этишди холос. Натижада «Динамо» Хацкевич қўл остида қаторасига учинчи марта Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқолмади.

Александр Хацкевич

Александр Хацкевич «Динамо» клубида 2017 - 2019 йиллар давомида ишлади. Жамоа бу давр мобайнида икки марта Украина Суперкубогини қўлга киритди. Шунча марта чемпионатнинг кумуш медали совриндори бўлди.

Максим Шацких 2017 йилдан бери Хацкевичнинг ассистенти бўлиб ишлаб келаётган эди. У Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади – 61та ўйинда 34та гол.

Top