Ливанда ўтган Осиё кубоги-2000даги шармандаликдан сўнг Юрий Саркисян истеъфога чиқарилиб, «Пахтакор» клуби негизида шакллантирилган Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида авлодлар алмашинуви кузатилади. Хитойдаги турнир олдидан бу мамлакатда парранда гриппи тарқалгани сабабли ҳужумдаги етакчи Максим Шацких чин юртига бормайди, шунга қарамай, янгиланган таркиб ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очади.

Саралашдаги ғалабалар ва қўшнимиз ўрнига Таиланд

2004 йилги Осиё кубоги саралаш баҳслари олдидан турнирнинг финал босқичига илк марта 16 жамоа иштирок этиши маълум қилинди ва энди гуруҳдан фақат 1-ўринлар эмас, 2-ўриндаги жамоа ҳам қитъа биринчилигига йўлланма оларди.

Ўзбекистон саралашни «А» гуруҳида бошлаб, Таиланд, Тожикистон ва Ҳонконгга қарши Тошкент ва Бангкокда ўтган ўйинларда 5-тургача 4 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 13 очко билан 1-ўринни нақд қилганди. Сўнгги турда эса гуруҳда 2-ўринни ким қўлга киритиши Ўзбекистонга боғлиқ эди. Таиландни 1-даврада йирик ҳисобда мағлуб этган жамоамиз Бангкокда йирик мағлубиятга учради – 1:4. Натижада, 8 очкога эга Тожикистон гуруҳда қолиб кетди, Таиланд эса 9 очко эвазига 2-ўрин билан Осиё кубоги-2004га йўлланмани қўлга киритади.  

Фото: Tribuna.uz

Юрген Гёде ва янги номлар

2000 йил Ливандаги шармандали натижа миллий жамоада авлодлар алмашинувига сабаб бўлганди. Ўзбек футболида тизим ҳам ўзгариб, клуб эгалари ака-ука Бахтиёр ва Ботир Раҳимовлар томонидан «Пахтакор»нинг яккаҳокимлик даврига тамал тоши қўйилганди. Энди миллий жамоалар «Пахтакор» клуби негизида шакллантирила бошланганди. Осиё кубоги-2004дан олдин Равшан Ҳайдаров ва Юрген Гёде мураббийлигидаги миллий жамоага Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Игнатий Нестеров, Ислом Иномов, Анвар Солиев, Асрор Алиқулов, Марат Бикмаев, Леонид Кошелев, Александр Гейнрих, Элдор Магдиев сингари янги авлод кириб келганди.

Фото: Tribuna.uz

Шацкихнинг Хитойга боришдан бош тортиши

Турнир олдидан Хитойда парранда гриппи тарқалиши ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий голеадори Максим Шацких бу мамлакатга бормайдиган бўлди. Ўшанда «Ўзбекистон футболи» газетасида миллий жамоа мураббийлари Шацкихнинг Хитойга бормаслиги сабабини Киевнинг «Динамо» клуби уни қўйиб юбормагани билан изоҳлаган бўлса, Украина нашрлари Максим Хитойдаги парранда гриппи эпидемиясидан хавотирланиб, таваккал қилмасликка қарор қилгани ҳақида ёзганди. Яқинда эса Шацкихнинг ўзи Tribuna.uz сайтига берган интервюсида бунинг сабабини эслай олмаслигини айтганди.